Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги масъул ходимларининг Швеция Адлия вазирлиги вакиллари билан учрашуви
2023-12-02 14:40:00 / Янгиликлар

Швеция томонидан мазкур мамлакат Адлия вазирлиги давлат котиби Андерс Холл ва қатор ташкилотлар ходимлари иштирок этди. Ўзбекистон томонидан эса — Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи, полковник Улуғбек Муҳамедов ва ИИВ соҳавий хизматларининг масъул ходимлари қатнашди.
У. Муҳамедов меҳмонларга ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизмати фаолияти, хусусан, дунёнинг аксарият давлатлари, жумладан, Европа Иттифоқи мамлакатлари фуқаролари учун виза тартиби соддалаштирилгани ҳақида сўзлаб берди. Унинг таъкидлашича, Ички ишлар вазирлиги қатор идоралар билан биргаликда узоқ вақт давомида доимий яшаш жойида бўлмаган, хорижга ўқиш ва ишлаш учун кетган шахсларнинг ҳисобини юритади. Европа Иттифоқи мамлакатлари қонунчилигини бузиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида ушбу шахслар ва уларнинг яқин қариндошлари билан рўйхатдан ўтиш ва қабул қилувчи давлатнинг миграция органларига хабар бериш зарурлиги тўғрисида профилактик суҳбатлар ўтказилмоқда.
Уларга ушбу давлатларда қонуний бўлиш тўғрисидаги қонунчилик ва қоидалар бўйича тушунчалар бериш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикасига қайтиш учун гувоҳнома бериш жараёни ваколатли органлар томонидан электрон дастур орқали амалга оширилади ва кўп вақт талаб қилмайди.
У. Муҳамедов шунингдек, EURLO (Европадан иммиграция бўйича алоқа ходимлари тармоғи) билан ҳамкорлик қилган йиллар давомида Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси ва Европа Иттифоқининг (хусусан, миграция хизматлари ва Швеция полицияси) республика фуқаролигини белгилаш бўйича 71 та мурожаатни кўриб чиққанлигини таъкидлади, 180 нафар ватандошимиз Ўзбекистонга қайтарилди.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан содир этилиши мумкин бўлган жиноятларни олдини олиш ва назорат қилиш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлаб ўтди. Ўз навбатида, А. Холл Швеция томони бу борадаги ҳамкорликни кенгайтириш тарафдори эканини таъкидлади. Швецияда ноқонуний миграцияга қарши кураш бўйича асосий орган Адлия вазирлиги бўлиб, унинг таркибида Адлия бошқармаси, Ички ишлар бошқармаси ва Миграция бошқармаси бўлими мавжуд.
Хорижий маълумотларга кўра, ҳозирда Швецияда 20-30 минг нафар ўзбекистонлик ноқонуний муҳожирлар бор. Шу муносабат билан Ўзбекистон томони билан реадмиссия тўғрисида битим тузишдан манфаатдорлик билдирилди ва ушбу шартномани тузишда Ўзбекистон кўрсатган ташаббус учун миннатдорлик билдирди.
Швециянинг Туркиядаги элчиси Т. Данестад келишув лойиҳаси яқин кунларда дипломатик каналлар орқали Ўзбекистон томонига ишлаб чиқиш учун юборилишини таъкидлади.
Андерс Холл мазмунли суҳбат учун Ички ишлар вазирлиги ходимларига миннатдорчилик билдириб, бундай учрашувларнинг ўтказилиши биргаликда курашда ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидлади.
У. Муҳамедов, ўз навбатида, Ички ишлар вазирлиги ваколатлари доирасида Швеция томони билан ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш бўйича зарур чора-тадбирларни кўришга тайёрлигини билдирди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги