Ички ишлар вазирлигининг навбатдаги сайёр қабули Чирчиқ шаҳрида бўлиб ўтди
2025-03-04 16:15:00 / Янгиликлар

Хабар берилганидек, Республика ишчи гуруҳи томонидан Тошкент вилояти аҳолиси учун оммавий сайёр қабул учрашувлари бўлиб ўтди.
Режага асосан навбатдаги манзил Чирчиқ шаҳри бўлиб, сайёр қабул Паркент, Бўстонлиқ, Юқори Чирчиқ, Қибрай, Тошкент туманлари ва Чирчиқ шаҳри аҳолиси учун ташкил этилди. Қабулда ички ишлар органларига оид мурожаатлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Рамазон Ашрапов томонидан қабул қилинди.
Фуқаролар ИИОларига ўқишга, хизматга кириш ва қайта тиклаш, тергов-суриштирув, жазони ижро этиш, паспорт, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва пробация масалалари ҳамда бошқа ижтимоий йўналишда мурожаат қилдилар. Мурожаатларнинг аксарияти жойида ижобий ҳал этилиб, қўшимча ўрганишни талаб этувчи мурожаатлар бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилди ва ижроси назоратга олинди.
Шунингдек, қабул давомида вилоят ИИО Пробация хизмати назоратида бўлган 15 нафарга яқин шахснинг мурожаати ҳам тингланиб, муҳокама қилинди. Вазир ўринбосари томонидан масъулларга ушбу шахсларнинг муддатидан олдин шартли озод этилиши юзасидан суд идораларига тақдимномалар киритиш ва уларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Умуман олганда, 4 кун мобайнида Тошкент вилояти аҳолиси учун Янгийўл ва Оққўрғон тумани ҳамда Олмалиқ ва Чирчиқ шаҳрида ўтказилган сайёр қабул давомида фуқароларнинг ИИОга оид 190 га яқин мурожаатлари кўриб чиқилди. Аҳамиятлиси ушбу мурожаатларнинг 49 фоизи ёки тенг ярми қабул давомида ижобий ҳал этилди.
Бир сўз билан айтганда, фуқароларнинг муаммоларини жойида ҳал этишга қаратилган бундай сайёр қабуллар нафақат уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга, балки халқнинг давлат идораларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда.
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати