Конституция — тараққиёт кафолати: Гўёки йўлчи юлдуз
2023-12-02 11:00:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 30-апрелида ўтказилган умумхалқ референдуми асосида қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямиз республикамиз тараққиётини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялаш, юртдошларимизнинг турмуш шароитини яхшилашга қаратилган ҳуқуқий меъёр ва тамойилларни мужассам этгани боис ҳар бир ўзбекистонлик учун қадрлидир.
Бош қомусимизга киритилган мамлакатимизнинг ижтимоий давлат сифатида эътироф этилиши аҳолининг моддий шароитини яхшилашга қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттирилишига ишорадир. Инсон ва давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилиши ҳамда қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан одил судловни амалга ошириш чоғида фойдаланишга йўл қўйилмаслигига оид моддалар эса суд-ҳуқуқ тизими хатоси ортидан кимдир жабр чекиши эҳтимолини камайтиради.
Коррупцияга қарши курашиш ва ерни хусусийлаштиришга доир янгиланишлар бўлса мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, улар фаолиятига аралашувни чеклаш, соғлом рақобат муҳитини юзага келтириш ҳамда бозор механизмларини кенг жорий этишга хизмат қилади. Шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги, судьяларнинг ваколатлари, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари билан боғлиқ ўзгаришлар демократик жараёнларнинг жадаллашувини таъминлайди.
Қисқаси, Конституциямизда миллий қонунчилигимизга асос бўлгулик ҳамма жиҳатлар мавжуд. Бу ҳуқуқий ҳужжат халқимизнинг орзу-ниятларини тўлақонли акс эттиради, жинси, эътиқоди, миллатидан қатъи назар ҳар бир юртдошимизнинг қонун олдидаги тенглигини кафолатлайди. Зеро, Бош қонунимиз тараққиёт сари элтувчи, ҳар бир қалбни ёритгувчи йўлчи юлдуздир.
Икром АБДУЛАҲАДОВ, капитан.
Жиззах вилояти.