Республика ишчи гуруҳи Самарқанд вилоятидаги манзил колонияларида қишлоқ хўжалиги фаолиятини ўрганишди
2023-12-02 10:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва ер ҳисобини юритиш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазирининг топшириғига асосан республика ишчи гуруҳи Самарқанд вилоятидаги манзил колонияларнинг қишлоқ хўжалиги фаолияти ва дала ер майдонларидан фойдаланиши юзасидан ўрганишлар олиб борди.
Жумладан, республика ишчи гуруҳи раҳбари, ИИВ Ташкилий департаменти бошқарма бошлиғининг ўринбосари полковник Н.Қаюмов,
3-минтақавий мувофиқлаштириш маркази бошлиғи вазифасини бажарувчи подполковник И.Хатамов, Пастдарғом туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари М.Турдиниёзов, туман ИИБ бошлиғи ўринбосари подполковник Э.Юсупов, туман кадастр бўлими мутахассиси Ш.Жумабоевлар иштирокида Пастдарғом туманидаги 37-сон манзил колониясининг дала ер майдонлари жойига чиққан ҳолда ўрганилиб, ерларда ҳосилдорликни ошириш мақсадида зарур билимга эга агроном ходимларни қишлоқ хўжалигига жалб этиш, бўш ерларни иккиламчи ижарага бериш, асаларичиликни ривожлантириш, тикувчилик цехини кенгайтириш ва маҳкума хотин-қизларни иш билан таъминлаш, сув танқислиги юқори бўлган ер майдонларига қўшимча сув насослари ўрнатиш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
Ўрганишлар давомида, Самарқанд шаҳридаги 38-сон манзил колониясида узум кўчатини етиштириш, паррандачиликни жорий этиш, иссиқхона ташкил этиш, ротан тўқиш ва матрас тикиш цехларини такомиллаштириш, маҳкумлар учун янги иш ўринлари яратиш, ижарага олинган ерларни шудгорлаш бўйича кўрсатма берилди.
Шунингдек, вилоятдаги манзил колонияларига тегишли яйлов ерларда чорвачиликни ривожлантириш, гўшт ва сут маҳсулотлари етиштириш, қишлоқ хўжалигида сувдан оқилона фойдаланиш мақсадида экинларни томчилатиб суғоришга босқичма-босқич ўтказиш, сабзавот экинлари экиш ҳажмини ошириш, бўш турган ерларни шудгор қилиш, агротехникаларни доимий равишда ишчи ҳолатда бўлишини таъминлаш топшириқлари берилди.