Асосий контентга ўтиш

Қилни қирқ ёриб. Синчков нигоҳ билан

2025-03-03 11:40:00 / Янгиликлар

Жиноят жойини ўрганиш — далилларни топиш, йиғиш ва ҳужжатлаштириш, гумон қилинувчиларни аниқлаш учун бармоқ излари таҳлили, қалбаки ҳужжатларни текширишда эксперт-криминалистдан кучли таҳлил қилиш ва диққат билан ишлаш қобилиятига эга бўлиш, сабр-тоқат ва аниқлик билан хулосани тақдим эта билиш талаб этилади.

Наманган вилояти Давлатобод тумани ИИБ Эксперт-криминалистика гуруҳи ходимлари ўтган йили туман ҳудудида содир этилган 284 та ҳодиса ва жиноят жойини кўздан кечиришда иштирок этди. Жараёнда 219 та ашёвий далиллар олинган. 54 та тадқиқот бажарилган. 18 та жиноят қўл бармоқ излари орқали «шахсни идентификация қилиш» тизими ёрдамида фош этилди. 12 та жиноят фотосурат ва видеоёзувлар ёрдамида аниқланган. Соҳа мутахассислари 2500 га яқин тезкор қидирув ва тергов ҳаракатларида иштирок этишган. Шахсан ўзим иштирокимда 62 та экспертиза ишлари бажарилди. Айрим ишларни мисол тариқасида келтириб ўтаман.

«Орзу» маҳалласида яшовчи Ҳ.А. исмли аёл тилла буюмлари йўқолганлиги ҳақида мурожаат қилади. Ушбу ҳолат юзасидан воқеа жойига бориб ўрганилганда, ҳодиса жойига киришдаги икки қанотли эшикни кўздан кечириш вақтида олинган қўл бармоқ излари 1985 йилда туғилган Н.Э.га тегишли экани маълум бўлди.

2024 йил 6 август куни «Навбаҳор» маҳалласида яшовчи фуқаронинг хонадонида бош соҳасида тан жароҳати олган ҳолатда жасади топилди. Қотил из қолдирмасликка ҳаракат қилган. Лекин хонадондаги дафтарда унинг бармоқ излари қолиб кетган. Улар 1975 йилда туғилган А.У. га тегишли экани аён бўлди.

Аниқланишича, марҳума қарздор бўлган. Гумон қилинувчи ундан пулларини олгани келганида ўрталарида жанжал чиққан. Шунда гумон қилинувчи меҳмонхонадаги шиша идиш билан аёлнинг бошига бир неча маротаба урган. Етказилган тан жароҳати туфайли уй бекаси вафот этган. Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Йил бошидан буён 40 маротаба воқеа жойига чиқдим. 13 та тадқиқот ва 9 та экспертиза ишларини амалга оширдим. Бундан ташқари, тарғибот-ташвиқот ишлари ҳам олиб бормоқдамиз. Хусусан, яқинда Давлатобод тумани маданият марказида Эксперт-криминалистика марказида жорий этилган юридик ва жисмоний шахсларга экспертлик илмий-тадқиқот ҳамда ахборот хизматларини кўрсатиш бўйича тарғибот ишлари олиб борилди.

Шунингдек, туман тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникаси ходимлари ўртасида ҳам тушунтириш ишлари олиб борилди. Зиммамиздаги масъулиятли вазифаларни амалга ошириш жараёнида далилларни синчковлик билан таҳлил қилаётганимиз самара бермоқда.

Азамжон Бабаев, Давлатобод тумани ИИБ ЭКГ катта эксперти, майор. «Постда»

42

Охирги янгиланиш: 2025-03-03 11:30:15

Қилни қирқ ёриб. Синчков нигоҳ билан