Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида Рамазон ойи даврида жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир вазифалар юзасидан тезкор йиғилиш ўтказилди
2025-03-02 09:00:00 / Янгиликлар

Видеоконференцалоқа тизими асосида ўтказилган йиғилишда Вилоят ҳокимлиги, вилоят прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар ва Солиқ бошқармалари раҳбарияти, барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъуллари ва бошқа тааллуқли идоралар мутасаддилари, ҳудудий студиялардан ҳам шаҳар туманлар ҳуқуқ-тартибот органлари ва бошқа ташкилотлар мутасаддилари иштирок этишди.
Йиғилишни очиб берган, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Икромжон Турсунов сўзга чиқиб, «Рамазон» ойи бошланиши муносабати билан ҳудудларда жамоат тартиби, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасида ишлаб чиқилган чора тадбирлар режаси билан йиғилганларни таништириб, мазкур тадбирларни юқори савияда ўтказиш, ижтимоий-сиёсий вазиятга салбий таъсир кўрсатувчи омиллар ва фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари томонидан «Рамазон» ойида барча шаҳар-туманлардаги масжидларда жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, транспорт воситаларининг тирбандлигини олдини олиш, ёнғинга қарши техника воситаларини яна бир бор кўрикдан ўтказиш бўйича масъулларнинг зиммасига аниқ вазифалар юклатилди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати