Асосий контентга ўтиш

Касб фидойиси. Қирқ йилдирки, халқ хизматида

2025-02-28 14:35:00 / Янгиликлар

Инсон қайси касбда ишлашидан қатъий назар, ўз касбига меҳр бериб, вазифасига масъулият билан ёндашса, ундан қадр топиши турган гап. Жамиятимизнинг турли соҳаларида меҳнат қилаётганлар орасида бундайлар кўплаб топилади. Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Тиббиёт бўлими шифокори Жолдас Сабуровни улардан бири сифатида келтириш мумкин.

Чунки, у 40 йилдан ортиқ давр мобайнида тиббиёт соҳасида фаолият олиб бориб, аҳоли саломатлигини асрашда бор куч ва билимини аямаяпти. Беморлар дардига малҳам бўлиши орқали уларнинг олқишига сазовор бўлиб келмоқда. Асли нукуслик бўлган лавҳамиз қаҳрамони ўрта мактабни тугатганидан сўнг, Андижон давлат тиббиёт институтининг даволаш факультетига ўқишга киради.

- Халқимизда «Ўғил отага тортади» деган гап бор. Отам Юсуп Сабуров 1942 йили Тўрткўл туманидаги фельдшерлик бўйича тайёрлов курсда ўқиганидан сўнг, урушга олиб кетилади. Ғалабани Берлин шаҳрида кутиб олади. Урушдан кейин яна икки йил ҳарбий хизматда бўлиб, 1947 йилда ўзи туғилиб ўсган жойга қайтиб келади. Бир неча йил давомида колхозда ишлаб, сўнгра, ТошМИга ўқишга топширади. 1956 йилда олийгоҳни битириб, Қорақалпоғистонда тиббиёт соҳасида фаолият олиб боради. Кўп йиллик меҳнатлари инобатга олиниб, унга «Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими» унвони берилади. Онамиз Зулайҳа Палўанова ҳамшира бўлиб ишлаган. Шу боисдан оиламиздаги 4 нафар фарзанднинг учтаси тиббиёт соҳасини танлаган. Шулар қаторида мен ҳам», — дейди Ж.Сабуров.

У 1985 йилда тиббиёт институтини тамомлаб келганидан сўнг, илк фаолиятини Нукус шаҳридаги 3-сонли поликлиникада участка шифокори бўлиб ишлашдан бошлайди. Шундан сўнг О.Халмуратов номидаги 1-сон Республика шифохонаси терапевт шифокори, Аллергология бўлими катта ординатори, кейинчалик кардиология, эндокринология, тез тиббий ёрдам бўлимларида турли лавозимларда хизмат олиб боради. Шу билан бирга, кўп йиллик тажрибага эга ходим сифатида тан олиниб, Нукус шаҳридаги Тиббиёт коллежи, Врачлар малакасини ошириш марказида ўқитувчилик ҳам қилади.

2003 йилда Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Тиббиёт бўлими бошлиғи, подполковник Бердибай Қурбановнинг таклифига кўра, вазирлик таркибида янгидан ташкил этилган Даволаш ва соғломлаштириш марказига ишга қабул қилинади. Бу ерда марказ фаолиятини янгидан ташкил этиш, илгари бўлмаган физиотерапия, мануал терапия, игна терапия каби муолажа турларини жорий этишда фаол иштирок этади. Хасталик билан келган беморларни даволаб, уларнинг ишончини қозонишга муваффақ бўлади.

- Сир эмаски, ички ишлар органлари ходимлари хизмат тақозосига кўра куну тун ишлашга тўғри келадиган пайтлари кўп бўлади. Шу боисдан улар соғлиғига эътибор қаратишга унчалик ҳам вақт топавермайди. Албатта, соғлиқ мустаҳкамлиги самарали хизмат қилишдаги асосий омилдир. Шуни инобатга олган ҳолда тиббиёт бўлими томонидан жойларда маслаҳат йиғилишлари, учрашувлар ўтказиб боришни йўлга қўйганмиз. Мазкур ишларни ташкил этишда Ж.Сабуров ҳам малакали шифокор сифатида фаол иштирок этиб келмоқда», — дейди вазирлик Тиббиёт бўлими бошлиғи, подполковник Умид Қурбанбаев.

Мақоламиз қаҳрамоннинг оиласи тўғрисида тўхталадиган бўлсак, у турмуш ўртоғи Гулбаҳор Содиқова билан 6 нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказган. Кенжа қизи Ақсунгул ота касбини давом эттириб, ҳозирда Тиббиёт институтида таҳсил олмоқда.

Юқорида таъкидлаганимиздек, касбидан қадр топган инсон Ж.Сабуров кўп йиллик хизмати ва бой тажрибаси туфайли кўпчилик учун намуна бўлишга арзийди.

Азамат Пирниязов, ўз мухбиримиз. «Постда»
Қорақалпоғистон Республикаси

79

Охирги янгиланиш: 2025-02-28 14:21:57

Касб фидойиси. Қирқ йилдирки, халқ хизматида