Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатлари Ички ишлар вазирлари кенгаши ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши йиғилиши ўтказилди
2023-11-30 10:00:00 / Янгиликлар
Жорий йилнинг 23 ноябрь куни Россия Федерациясининг Москва шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатлари Ички ишлар вазирлари кенгаши ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Арманистон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон ички ишлар вазирликлари делегациялари, шунингдек, МДҲ Уюшган жиноятчилик ва бошқа хавфли турдаги жиноятларга қарши курашишни мувофиқлаштириш бюроси директори ва вакиллари қатнашди.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги делегацияси вазирлик Тадқиқот маркази бошлиғи, профессор И.Ю. Фозилов ва Академия бошлиғининг ўринбосари, профессор Р.О. Нигматовлардан иборат таркибда иштирок этишди.
Йиғилишда террористик тавсифдаги жиноятларга қарши курашиш, миграция соҳасида жамоатчилик алоқаларини шакллантириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш борасида давлатлараро ҳамкорликни самарали йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Илмий-маслаҳат кенгаши томонидан 2023 йилда амалга оширилган ишлар ҳақидаги ҳисобот эшитилди. Шунингдек, мазкур Кенгашнинг 2024 йил учун иш режаси лойиҳаси муҳокама қилинди.