Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди тергов судьяси Фахриёр Пулатов иштирокида семинар-учрашув ташкил этилди
2025-02-26 11:15:00 / Янгиликлар

Тадбирда, тергов судьяси Ф. Пулатов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳиятини етказди. Мазкур Фармонга кўра, 2025 йил 1 январдан бошлаб жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судялар – тергов судьялари фаолият кўрсатишни бошлаганлигини маълум қилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 28 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим ҳужжатларига шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ–1022-сон Қонунининг мазмун-моҳияти билан шу қонун асосида ишни судга қадар юритиш устидан суд назорати тергов судьялари томонидан амалга оширилиши ва тергов судьясининг ваколатлари Жиноят-протсессуал кодексининг 311-моддаси билан белгиланганлиги ҳақида тушунтирилди.
Бундан ташқари, тергов судьясини жорий қилишдан мақсад, тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилиш эканлиги, тергов судьясининг ваколатлари, қонун бузилиши ҳолатларини олдини олиш юзасидан маълумотлар берилди.
Шундан сўнг, тадбир давомида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар борасида фикр-мулоҳазалар билдирдилар.
ИИВ Малака ошириш институти Матбуот хизмати