Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Икромжон Турсуновнинг навбатдаги ўрганишлари вилоят 3-секторига қарашли Ғиждувон туманида ўтказилди
2025-02-23 12:25:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда Бухоро вилоятининг барча шаҳар ва туманларида Давлатимиз раҳбарининг «2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги 1-сонли Қарори ижросини таъминлашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Вилоят 3-сектор раҳбари, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Икромжон Турсунов мазкур ишларнинг суръати билан яқиндан танишиш мақсадида Ғиждувон туманида бўлди.
Туманнинг Баққоллар МФЙ да ўтказилган ўрганишлар давомида маҳалланинг ички йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш мақсадида барпо этилаётган «Хавфсиз кўча» ва «Хавфсиз йўлак» лойиҳалари доирасида олиб борилаётган қурилиш ишларини кўздан кечирди.
Шундан сўнг, бошқарма бошлиғи туманнинг Оқработ маҳалласида бўлиб, вилоят 3-сектор штаби аъзолари томонидан маҳалла ҳудудидаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларига ечим топиш, коммуникация тармоқлари, инфратузилма ҳолатини яхшилаш, аҳолини қийнаб келаётган тизимли муаммоларни ҳал этиш, «Рақамлашган, обод ва хавфсиз маҳалла» тамойили асосида олиб борилаётган кенг кўламли тозалаш-ободонлаштириш, қурилиш-таъмирлаш, бунёдкорлик ишлари билан ҳам танишди.
Жараёнда давлатимиз раҳбарининг «Камбағалликдан фаровонлик сари» Дастури, шунингдек, «Сайхунобод», «Уйчи», «Зарбдор» ва «Ғиждувон» туманлари тажрибалари асосида аҳолининг доимий даромад манбаини ошириш, бир кўча бир маҳсулот тамойили асосида маҳалла драйверини яратиш, хонадонларнинг томорқаларидан унумли фойдаланиш маданиятини ошириш, пировардида ишсиз ва миграцияда юриб қийналган фуқароларимизни доимий ва даромадли иш билан таъминлаш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берди.
Шунингдек, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида манзарали ва мевали дарахт кўчатларини экиш, янги боғлар яратиш, фермер хўжаликларининг қишлоқ хўжалиги ерларида, боғ ва токзорларда баҳорги агротехник тадбирларни олиб бориш, ариқ ва зовурларни тозалаш, бетонлаштириш каби ишларни бажариш юзасидан берилган вазифаларнинг ижроси ҳам назорат тартибида ўрганилиб, ҳар бир йўналиш бўйича қўшимча тавсия ва топшириқлар берилди.
Бу каби ўрганишлар давом эттирилмоқда.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати