Профилактика хизмати. «Қизил»дан «яшил» томон
2025-02-21 17:15:00 / Янгиликлар

Ходимларимиз аҳолининг яхши-ёмон кунларида доимо ёнида тургани ҳамда маҳалла фаоллари билан биргаликда олиб бораётган саъй-ҳаракатлари яхши самара бермоқда. Мисол учун айтадиган бўлсак, ўтган йили ўзаро ҳамкорлик натижасида элликка яқин жиноятларнинг олди олинди. Профилактика инспекторлари томонидан 9 та қўшмачилик, 1 та гиёҳвандлик моддаларини ўтказиш, 2 та маъмурий назорат қоидасини бузиш ҳолатлари аниқланди ва 3 нафар қидирувдаги шахс ушланди, дейди Пешку тумани ИИБ ЖХХ ҲПБ бошлиғи, подполковник Азамат Қайимов.
Малакали профилактика катта инспекторлари ёш ходимларга касб маҳоратини ўргатиб келишмоқда. Шунингдек, ўтган йили «қизил» тоифага киритилган тўртта маҳаллага тажрибали профилактика инспекторлари тайинланди.
Хизматни бошлаганимда, аввало, аҳолини учта тоифага ажратиб, профилактик ишларини йўлга қўйдим. «Қизил» тоифага профилактик ҳисобда турувчиларни, «сариқ» тоифага эса жиноят қилишга мойилроқ шахсларни киритдим. Ҳозир асосан «қизил» ва «сариқ» тоифадаги фуқаролар билан тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боряпман. Бунда маҳалла фаоллари менга кўмакдош бўляпти. Уларни иш билан таъминлаш чораларини кўряпмиз, дейди «Чиғирчи» МФЙ профилактика катта инспектори, подполковник Амин Содиқов.
Катта лейтенант Ислом Неъматов тажрибали устозлардан сабоқ олган профилактика инспекторларидан бири.
Ислом икки йилдирки, биз билан туну кун бирга, дейди «Янгибозор» МФЙ раиси Чаманой Воҳидова. Ҳудудимиз туман марказида бўлганлиги сабабли, 47 та ташкилот ва корхона жойлашган. Табиийки, раҳбару ишчи-ходимлар ҳам ҳар жойдан келиб ишлашади. Маҳалламизда 2024 йили ва жорий йилнинг ўтган даврида жиноят содир этилишига йўл қўйилмади, ҳуқуқбузарлик ҳолатлари эса камайди. Бунинг натижасида ўтган йили «яшил» тоифадаги маҳаллалар қаторига қўшилдик.
Дарҳақиқат, маҳаллада профилактика инспекторининг раису фаоллар билан ҳамжиҳатликдаги саъй-ҳаракатлари таҳсинга лойиқ.
Маҳаллада илгари содир этилган жиноятларга асосан оила турмуш доирасидаги қўйди-чиқдилар сабаб бўлган, дейди катта лейтенант Ислом Неъматов биз билан суҳбатда. Шу боис ҳам нотинч оилалар, ўзаро келишолмайдиган қўшнилар билан жиддий иш олиб бордик. Жанжалу машмашаларни бартараф этишга ҳаракат қилдик. Ҳозирда 8 та нотинч оила ва 22 нафар профилактик ҳисобда турувчи шахс бор. Улар билан мунтазам равишда профилактик тарғиботлар ўтказяпмиз.
Катта лейтенант И.Неъматов маҳалла ҳудудига видеокузатув камералари ўрнатилишига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Ҳозирда 206 та юзни таниб олиш видеокузатув камераси ишлаб турибди. Видеокузатув камералари асосан истироҳат боғига, овқатланиш ва савдо шохобчаларига, корхона-ташкилотларнинг кўча томонида ўрнатилди. Яна 12 та кўп қаватли уй олдида кузатув камералари қўйилиши режалаштирилган.
Ҳа, бугунги кунда «Янгибозор» маҳалласида бўлган киши ҳудуддаги осойишталикни кўриб, дили яйрайди. Шу боис бу ерда истиқомат қилувчи аҳоли катта лейтенант Ислом Неъматов хизматидан мамнун.
Мирзоқул Аҳадов, ўз мухбиримиз. «Постда»
Бухоро вилояти
Суратда: подполковник Амин Содиқов ва катта лейтенант Ислом Неъматов