Андижон вилояти ИИБ Фахрийлар кенгашининг ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди
2025-02-19 17:10:00 / Янгиликлар

Барча жабҳаларда бўлгани каби Андижон вилояти ички ишлар бошқармасида ҳам кекса фахрийларни эъзозлаш, ғамхўрлик қилишга муҳим вазифа сифатида қаралиб, ёши улуғларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга моддий-маънавий ёрдам кўрсатиш сингари эзгу ишлар амалга оширилиб келинмоқда.Вазирлик ва бошқарма раҳбарияти томонидан фахрийлар ҳаракатининг самарадорлигини янада ошириш, уларга зарурий шарт-шароитлар яратиш, ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда ёш ходимларнинг ватанга муҳаббат, хизмат бурчига садоқат руҳида тарбиялашда уларнинг имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш ишларига катта аҳамият қаратиляпти.
Андижон вилояти ИИБ Фахрийлар кенгаши томонидан ўтган 2024 йил давомида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Ҳисобот йиғилиши бошқарма бошлиғининг ўринбосари подполковник Жонибек Давронов раислигида ўтказилиб, фахрийлар кенгашининг фаолияти чуқур таҳлил қилинди.
Унда ёш ходимларни ватанга ва халққа садоқат руҳида тарбиялашда нуроний фахрийларнинг билим ва ҳаётий тажрибалари алоҳида ўрин тутиши, шу боисдан ҳам ушбу масалага фахрийлар жиддий ёндашишлари лозимлиги таъкидлаб ўтилди.
Тадбирда бир гуруҳ фахрийлар ҳам сўз олиб, ёш ходимлар билан олиб бориладиган ишлар юзасидан ўз таклифларини ўртоқлашдилар.
Ҳисобот йиғилиши якунида келгусида амалга оширилиши шарт бўлган муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати