Қарор ва ижро. Маҳаллаларда хавфсиз ва ҳамжиҳатлик муҳитини яратиш — устувор вазифа
2025-02-17 18:00:00 / Янгиликлар

Президентимизнинг «2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чоратадбирлар тўғрисида»ги қарори маҳалла тизимидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқадиган муҳим ҳужжат бўлди, дейиш мумкин.
Қарорда Жамоат хавфсизлиги университети томонидан январь февраль ойларида «қизил» тоифадаги, март апрель ойларида «сариқ» тоифадаги маҳаллаларда илмий ёндашувлар асосида ўрганиш ишларини олиб бориш кўзда тутилган бўлиб, ҳозирда бу жараён қизғин давом этмоқда. Чунончи, Фарғона вилоятида икки ҳудудга бўлинган ҳолда илмий ёндашувлар асосида ўрганиш ва мониторинг ишлари олиб бориляпти. Ишчи гуруҳ аъзолари Бағдод туманидаги «Дўрмонча» ва «Ўзбекистон» маҳаллаларига ташрифи давомида маҳалла еттилиги, сектор раҳбари ва профилактика инспектори билан суҳбатлашди. Шунингдек, ўтган йилги жиноятчилик аҳволи билан танишилиб, келгусида жиноятчиликка барҳам бериш бўйича тавсиялар беришди.
Ўрганишлар давомида Ўзбекистон туманидаги «Боғи Эрам» ва «Беруний» маҳаллаларида ўтган йилда жиноят ва ҳуқуқбузарликлар салмоғи ошиб кетгани маълум бўлди. Ушбу маҳаллалардаги вазият чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг олдини олиш борасида алоҳида йўл харитаси тузилди.
Ишчи гуруҳ фаолияти Қўқон шаҳридаги «Райҳон» ва «Нурафшон» маҳаллаларида давом этди. Масалан, «Райҳон» маҳалласида жиноятчилик салмоғи сезиларли камайган бўлса, «Нурафшон» маҳалласида аксинча, ўтган йили 23 та жиноят қайд этилган. Шу боис ана шу маҳаллага кўпроқ эътибор қаратилиб, жиноятларнинг сабаб ва омиллари ўрганиб чиқилди. Шунга кўра, эътибор қаратиш зарур бўлган манзиллар, оилалар белгилаб олинди.
Сўх туманидаги «Қалъа» маҳалла фуқаролар йиғинида 2021 нафар аҳоли истиқомат қилади. 2024 йили профилактика инспектори ҳамда маҳалла фаоллари томонидан алоҳида тоифадаги шахслар рўйхати шакллантирилиб, манзилли ишлар олиб борилди. Рақамлаштиришга эътибор қаратилиб, маҳалланинг асосий жойларига кузатув камералари ўрнатилди. Ўрганишлар жараёнида ишчи гуруҳ аъзолари ана шу жиҳатларга эътибор қаратиб, ўз тавсияларини бердилар. Худди шундай, чегара ҳудудида жойлашган «Ҳушёр» маҳалласида ҳам ўрганиш ишлари олиб борилиб, еттилик аъзоларига услубий кўмак кўрсатилди.
Фарғона шаҳридаги «Наврўз» ва «Машъал» маҳаллалари аҳолиси ва тадбиркорлари билан «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойили асосида суҳбатлар олиб борилди. Тадбир давомида аҳолига қўриқлаш хизматидан фойдаланишнинг афзалликлари, тезкор ҳаракатланувчи гуруҳ ходимларининг имкониятлари, қўриқлаш-сигнализация воситаларининг ишлаш усуллари малакали мутахассислар томонидан тушунтирилди.
Ишчи гуруҳ ўрганишлари Данғара туманидаги «Пишқўрғон» ва «Шодлик», Бувайда туманидаги «Яшнаробод» ва «Бувайда», шунингдек, Учкўприк туманидаги «Тожик» маҳаллаларида олиб борилди.
Ўрганишлар жараёнида ишчи гуруҳ туман ва маҳаллаларда мутасадди раҳбарлар билан юзма-юз мулоқот қилиб, рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш, криминоген вазият оғир ҳудудларга кўпроқ видеокузатув камераларини ўрнатиш, кўп қаватли ва якка тартибдаги хонадонлар, савдо-маиший хизмат кўрсатиш объектларини домофонлар билан жиҳозлаш, «Намунали хавфсиз кўча»лар ташкил қилиш бўйича зарур тавсиялар беришди.
Абдувосит Сидиқов, ўз мухбиримиз. «Постда»
Фарғона вилояти