Терговни билимдонлар олиб боради. Ҳақиқат йўлидан оғишмай
2025-02-13 15:30:00 / Янгиликлар

Вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармасининг ўта муҳим ишлар бўйича терговчиси, капитан Ойбек Аллабердиев дастлабки мулоқотдаёқ гумондорнинг ширинсўз билан ҳар қандай кишининг кўнглини юмшата олишини тушунди. Чунки, ушбу шахс қилмишларини шундай хаспўшлардики, жиноятларидан бехабар кишининг унга раҳми келиши тайин эди.
Жиззах шаҳрининг «Заргарлик» маҳалласида яшовчи Н.З. ўзи ҳақида илиқ таассурот уйғотишнинг уддасидан чиқа билади. У хушмуомала, дунёқараши кенг, пойтахтдаги хорижий олий ўқув юртларидан бирининг талабаси. Афсуски, шундай қобилиятли йигит бойлик орттириш илинжида қатор жиноятларга қўл урган.
Жумладан, «Ўратепалик» маҳалласидаги бинолардан бирини ижарага олиб, онаси номига сайёҳлик хизматини кўрсатувчи МЧЖ очади. Сўнг ижтимоий тармоқда 30 фоизлик чегирма билан, яъни 500 АҚШ долларига Умра амалини бажариш учун жўнатиш тўғрисидаги эълонни жойлаштирди. Табиийки, бу таклифга қизиқадиганлар топилди.
Хусусан, фуқаро Д.Х. Макка ва Мадинани зиёрат қилиш орзусида 500 АҚШ долларини фирибгарга қандай топширганлигини билмай қолди. Шу тахлитда Н.З. ўн нафар фуқародан жами 98 миллион 47 минг сўм олишга эришади. Табиийки, алданган ва кута-кута чарчаган мижозлар фирибгарни безовта қила бошладилар. Вазиятдан чиқмоқ учун Н.З. Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган сайёҳлик фирмаси билан 10 нафар фуқарони 13 минг 500 АҚШ доллари эвазига Умра сафарига жўнатиш бўйича шартнома тузади.
Сўнг мазкур сайёҳлик фирмаси вакилига 800 АҚШ долларини бериб, қолган маблағни зиёратчилар аэропортда рўйхатдан ўтганидан сўнг тўлашини билдирди. Сезганингиздек, йигит сўзида турмади. Оқибатда 10 нафар зиёратчининг хорижда қийин вазиятга тушиб қолиш хавфи пайдо бўлди. Шу боис жабрланувчиларнинг ҳар бири учун қариндошлари яна 1 минг 270 АҚШ долларидан пул тўлашларига тўғри келди...
Терговчи Н.З.га етказилган зарарни қопламайдиган бўлса, уни озодликдан маҳрум қилиш жазоси кутаётганлигини тушунтирди. Худди шундай, гумон қилинувчининг яқинлари билан суҳбатлашди. Натижада фирибгар оиласига тегишли қурилиши тугалланмаган ҳовлини сотиб, қарзларидан қутулди.
Капитан Ойбек Аллабердиев шу тарзда жабрланувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш ҳамда жиноятчига жазо муқаррарлигини таъминлашга эришмоқда. Жойи келганда айтиш керак, мақоламиз қаҳрамони вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармасининг истиқболли ёш ходимларидан бири саналади.
Ўтган қисқа давр ичида ўзини билимли, ҳар қандай ҳолатда ҳам қонунийлик ва ҳалоллик мезонларига оғишмай амал қиладиган ходим сифатида намоён эта олди. Шу боисдан бошқарманинг ўта муҳим ишлар бўйича терговчиси лавозимига тайинланди.
Капитан раҳбарият ва устозларининг ишончини оқлаб, ойига 3—4 та жиноят ишини мукаммал даражада кўриб чиқишнинг уддасидан чиқаётир.
Айтганча, мақоламиз қаҳрамони отаси истеъфодаги катта сержант Юсуф Хўжабековга ҳавас қилиб, ички ишлар органлари соҳасини танлаган. Кўриб турганингиздек, ота изидан бораётган ўғил ҳар жабҳада ҳамкасбларига ибрат бўлишга интиляпти.
Алижон Абдусатторов, ўз мухбиримиз. «Постда»
Жиззах вилояти