Ўзбекистон делегацияси Корея Республикасида
2025-02-12 09:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон делегацияси Корея Республикасида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раҳбарияти, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администратсияси, Вазирлар Маҳкамаси, Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миграция агентлиги, «Ватандошлар» жамғармаси вакилларидан иборат Ўзбекистон Республикаси делегатсияси Корея Республикасида амалий ташриф билан бўлиб турибди.
Сафардан кўзланган асосий мақсад — Жанубий Кореядаги юртимиз аёлларининг яшаш ва меҳнат шароитларини ўрганиш, қийин аҳволга тушиб қолган фуқароларга амалий ёрдам кўрсатиш.
Ташриф давомида делегатсия аъзолари Гендер тенглиги ва оила ишлари вазирлиги, Корея Аёлларни ривожлантириш институти, Хотин-қизлар ва оилага кўмаклашиш жамғармаси, Мигрант аёллар маслаҳат марказлари раҳбарияти билан учрашиб, уларнинг фаолияти билан танишдилар.
Музокараларда гендер сиёсати, мигрант аёллар ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш соҳасидаги Ўзбекистон-Корея ҳамкорлигининг бугунги имкониятлари ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Корея томони Ўзбекистонда хотин-қизларнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий фаоллигини ошириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, гендер тенглигини илгари суриш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юксак баҳолади.
Ўзбекистон Республикаси делегатсиясининг Кореядаги фаолияти давом этмоқда. Унинг доирасида Жанубий Корея пойтахти ва ҳудудларида ўзбекистонлик мигрантлар ва аёллар учун уларни ўйлантираётган муаммоларни муҳокама қилиш ва ҳал этиш мақсадида сайёр қабуллар бўлиб ўтади.
Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати