Тергов амалиётидан. Ўғрининг ўйлагани ўнг келмади
2025-02-10 23:00:00 / Янгиликлар

Ромитан тумани «Тарнаут» маҳалласида яшовчи Малоҳат Олимова (исм-шарифлар ўзгартирилди) болалари ёшлиги боис туман марказидаги кўп қаватли уйларнинг биридан вақтинча ижарага хона олди. Эртаси куни нарсаларини жойлаштираётганда, тилла тақинчоқлари йўқ эканлиги маълум бўлди. Шунда у шошганидан унутиб қолдирганини англаб, қишлоққа йўл олди.
Малоҳат дарвозанинг қулфини очди, уйи ҳам қулф экан. Кўнгли жойига тушиб, уй атрофини айланмоқчи бўлди. Томорқа тарафига ўтганида туйқус ранги ўзгарди. Чунки деразалар ланг очиқ эди. Шоша-пиша ўзини ичкарига урдию, айюҳаннос солди. Салкам 28 миллион сўмлик ҳар хил турдаги 6 дона тилла тақинчоқлари жойида йўқ эди. У дарҳол туман ИИБга мурожаат қилди.
Суриштирув ишларини тилла тақинчоқлар олди-сотдиси билан шуғулланадиган заргарлардан бошладик, — дейди туман ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи катта терговчиси, майор Жавоҳир Қодиров. — Жабрланувчидан тақинчоқларнинг кўринишини аниқлаштириб, шу хилидан сотаётганларни суриштирдик. Уринишларимиз бесамар бўлмади. Заргар айнан 6 дона аёллар тилла тақинчоғини сотиб олганини айтди. Улардан уч донаси қолган экан. Фуқаро М. Олимова эса тақинчоқлар ўзиники эканлигини айтди. Шундай қилиб, ўғри қўлга олинди. У қўшни маҳаллалик Д.Н. бўлиб чиқди.
Тергов жараёнида жабрланувчига етказилган 28 миллион сўм миқдоридаги моддий зарар қисман, шунингдек, жиноят иши бўйича фуқаровий даъвогар деб эътироф этилган С.Маликовга етказилган 5 миллион сўм миқдоридаги моддий зарар айбланувчи томонидан қопланди.
Жиноят кодексининг тегишли моддасига мувофиқ, жиноий жавобгарликка тортилган Д.Н. ҳозирда пушаймонлик исканжасида бўлса, ажабмас. Негаки, у айнан навқирон ёшида «судланган» деган тавқи лаънат орттирди.
©️ “Postda” газетаси, Мирзоқул Аҳадов, Бухоро вилояти.