Асосий контентга ўтиш

Пробация хизматининг йиллик фаолияти сарҳисоб қилинди

2025-02-09 10:35:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 8 февраль куни Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал майор Бекмурод Абдуллаев ҳузурида Жамоат хавфсизлиги департаменти Пробация хизмати ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан 2024 йил мобайнида амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар хусусида видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда Пробация бошқармаси масъуллари, вилоятлардаги жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиқлари, ҳудудий пробация бошқармаси (бўлим) бошлиқлари, шунингдек, туман-шаҳар пробация бўлинмалари ходимлари иштирок этди.

Даставвал, Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи ўринбосари, полковник Шароф Уралов томонидан ҳисобот маърузаси ўқиб эшиттирилиб, ўтган йил давомида амалга оширилган ижобий ишлар баробарида, айрим ҳудудларда назорат остидаги шахсларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш, уларга тайинланган жазоларнинг ижросини таъминлаш ва назорат қилиб бориш, улар томонидан қайта жиноятлар содир этилишининг барвақт олдини олишда йўл қўйилган камчиликлар танқидий муҳокама қилинди.

Ички ишлар вазири ўринбосари хизмат вазифаларига масъулиятсизлик билан ёндашаётган айрим раҳбар ва ходимларга нисбатан тегишли тартибда огоҳлантиришлар бериб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган зарурий чора-тадбирлар юзасидан кўрсатма ва топшириқлар берди.

Йиғилиш якунида генерал майор Бекмурод Абдуллаев томонидан пробация фаолиятини самарали ташкил этишда ижобий натижаларга эришган бир гуруҳ ходимлар Вазирлик кубоги ҳамда пул мукофотлари билан муносиб рағбатлантирилди.

ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Ахборот хизмати

80

Охирги янгиланиш: 2025-02-10 01:23:09

Пробация хизматининг йиллик фаолияти сарҳисоб қилинди