Эндиликда Криминология тадқиқот институти томонидан криминоген вазияти оғир ҳудудлар илмий асосда тадқиқ этилади
2025-02-05 13:20:00 / Янгиликлар
![Эндиликда Криминология тадқиқот институти томонидан криминоген вазияти оғир ҳудудлар илмий асосда тадқиқ этилади](/_next/image?url=https%3A%2F%2Fapi-portal.gov.uz%2Fuploads%2Fda202f39-9fa2-17be-00fa-4de6203a48e9_lists_slider_.jpg&w=3840&q=75)
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йилнинг 3 январь куни тасдиқланган “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга мувофиқ, криминоген вазият оғир маҳаллаларда илмий-амалий ёндашувлар асосида жойларга чиққан ҳолда мақсадли ўрганишларни ўтказиш орқали ҳуқуқбузарликларга сабаб бўлаётган асл омилларни аниқлаш ва барҳам бериш бўйича ташкилий-ҳуқуқий чораларини кўриш устувор вазифа сифатида белгиланди.
Мазкур топшириқ ижросини тўлиқ ва сифатли таъминлаш мақсадида, Криминология тадқиқот институти томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси (ОАК) билан ҳамкорликда 1992 – 2024 йилларда республикамизда ҳимоя қилинган барча диссертациялар таҳлил қилинганида, “12.00.15 – Криминология”,“12.00.14 – Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси . Жамоат хавфсизлигини таъминлаш. Пробация фаолияти” ва “12.00.08 –Жиноят ҳуқуқи. Жиноят-ижроия ҳуқуқи” ихтисосликлари доирасида жами 370 та илмий ишлар олий таълим ҳамда тадқиқот муассасаларида ҳимоя қилинганлиги маълум бўлди.
Шунингдек, илмий-амалий таҳлиллар натижасига кўра, ҳозирга қадар тадқиқотчилар томонидан бевосита ҳудудлар кесимида криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича муайян вилоят, туман-шаҳар ва маҳаллалар кесимида биронта илмий тадқиқот ишлари ўтказилмаганлиги, оқибатда ҳудудларда жиноятчиликни барвақт олдини олишнинг илмий механизмлари ишлаб чиқилмаганлиги маълум бўлди. Шу сабабли Криминология тадқиқот институтининг ташаббуси билан илк маротаба республика ҳудудларида чуқур тадқиқотларни амалга ошириш мақсадида ОАК билан келишган ҳолда 14 та вилоят, 208 та туман ва шаҳар шунингдек 278 та МФЙ ҳамда криминоген вазияти оғир, мунтазам равишда қизил тоифадан чиқа олмаётган ҳудудларни илмий ёндашувлар асосида тадқиқ этиш ва хавфсиз ҳудудни яратишга хизмат қиладиган диссертация мавзулари рўйхати шакллантирилди. Эндиликда эса бу борада илмий изланишларни олиб бориш йўлга қўйилмоқда. Айтиб ўтиш жоизки, изланишлар натижасида ҳудудлар кесимида криминоген вазиятни барқарорлаштириш режалаштирилган.
ИИВ Криминология тадқиқот институти