Фахрийлар – фахримиз. Ҳамон нишонни аниқ уради
2025-02-04 23:00:00 / Янгиликлар

Бу воқеа 2002 йилнинг июнида Зафаробод тумани-нинг Йўлдош Охунбобоев номли хўжалигида юз берганди. Тунда ғўза суғориб совуқсираган сувчи куни билан қизиб, ҳали тафти кетмаган асфальт йўлда ётиб мизғийди. Оқибатда уни машина босиб кетади.
Мазкур ҳолат бўйича туман ИИБ ходимлари суриштирув ишлари олиб боришади. Аммо орадан 20 кун ўтса ҳамки, калаванинг учи топилмайди. Бироқ Жиззах шаҳар ИИБ катта терговчиси, капитан Алим Яхшибаевнинг бой тажрибаси натижасида жиноят очилади.
Терговчи жиноятга оид ҳужжат ва фотосуратларни диққат билан ўрганиб чиқиб, воқеа жойига чиққан тергов-тезкор гуруҳи аъзолари билан суҳбатлашганидан сўнг, сувчини трактор босиб кетган, деган хулосага келди.
Тез орада Фориш туманидан ўз тракторида ҳудудга ишлаш учун келган тиркамали трактор ҳайдовчиси гумон қилиниб қўлга олинди. У яшаш манзилига кетар чоғида эътиборсизлиги сабаб йўл устида ухлаб ётган сувчини босиб кетганлигини тан олди. Зеро, эксперт-криминалистлар унга тегишли тиркама ғилдираклари дискларидан топилган қон зарралари сувчига тегишли эканлигини исботлагандилар.
Истеъфодаги подполковник Алим Яхшибаев ички ишлар органларининг тергов тизимидаги 27 йиллик фаолияти давомида бу каби кўплаб жиноятларни фош этди, жиноятчиларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшди.
Бахмал туманининг «Сарой» маҳалла фуқаролар йиғинида туғилган лавҳамиз қаҳрамони ички ишлар органларидаги хизмат фаолиятини 1991 йилда Жиззах шаҳар ИИБда терговчи вазифасида бошлади.
Кейинроқ Зафаробод, Шароф Рашидов, Ғаллаорол туманлари ИИБда катта терговчи, тергов бўлими бошлиғи лавозимларида самарали хизмат қилди.
Фаолияти давомида қатор шогирдлар тарбиялаб етиштир-ди. Улар ҳозирда ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, қонунийликни таъминлаш йўлида ички ишлар идораларида турли лавозимларда хизмат қилишмоқда.
Алим Яхшибаев 2008 йилда подполковник унвонида пенсияга чиққанидан сўнг ҳам меҳнат қилишдан тўхтаб қолмади. Хусусан, адвокат сифатида одамлар корига яради. Айни вақтда эса «Айдаркўл-Арнасой кўллар тизими» масъулияти чекланган жамиятида юристлик қилаётир.
Фахриймизнинг катта ўғли Жиззах вилояти мажбурий ижро бюросида бўлим бошлиғи, кичиги фермер. Қизларидан бири ўқитувчи, бошқаси муҳандис.
Набиралари бир этак. Уларни эркалаб, дили яйрайди. Алим Яхшибаев 1979 йилдан буён овчилик жамияти аъзоси, 70 ёшни қоралаб қолганига қарамай, ҳамон нишонни аниқ уради.
Бўш пайтлари ўзи каби фахрийлар билан шахмат тахтасида дона суради. Хуллас, ҳар кунининг қадрига етиб, завқини туйиб яшамоқда.
©️ “Postda” газетаси, Алижон Абдусатторов, Жиззах вилояти.