Лаҳзаларда ўтган саксон йил
2025-02-03 22:00:00 / Янгиликлар
![Лаҳзаларда ўтган саксон йил](/_next/image?url=https%3A%2F%2Fapi-portal.gov.uz%2Fuploads%2F94408c19-7f7b-3df6-f697-44494af4a53c_lists_slider_.jpg&w=3840&q=75)
Кумуш қишнинг ўртаси бўлишига қарамай, табиатнинг илиқ меҳри баҳор ҳавосини эслатади. Кўп қаватли уйлар орасидаги мўъжазгина ўйингоҳда қиқирлашиб ўйнаётган кичкинтойлар уларни жимгина кузатиб ўтирган нуронийга энди эътибор беришди. Югуриб келиб бир-бир салом бергач, яна ўйинлари томон шошилишди...
Ички ишлар органлари фахрийси, истеъфодаги генерал-майор Ражаб Қодировни маҳаллада ёшу қари бирдек ҳурмат қилади. Оиласида номи ана шундай эҳтиром билан тилга олингани боис ҳам, кичкинтойлар нуроний отахонни кўриши биланоқ югуриб келиб, салом беришга ошиқадилар.
Қодир ака билан Мисал опа хонадонида дунёга келган Ражаб илмга чанқоқ, қатъиятли ва кучли бўлиб улғайди.
Йигирма уч ёшида Россиянинг Ростов вилояти ИИБга қарашли ахлоқ тузатиш колониясида ишлаб чиқариш ва техника бўлими муҳандиси лавозимида, кейинчалик Москвада, собиқ Иттифоқ ИИВ олий мактабида таълим олди.
Ўн беш йилдан ортиқ она Ватандан олисда хизмат қилди. Ички ишлар органлари соҳасида турли лавозимларда фаолият юритиб, катта тажриба тўплаган офицер истиқлолнинг дастлабки йилларида Ўзбекистонга қайтиб, ИИВ Ахлоқ тузатиш ишлари бошқармаси тергов ҳибсхоналари ва турма бўлими бошлиғи этиб тайинланди. Унинг бой тажрибаси бу соҳани тартибга солишда қўл келди.
Доимо эл ардоғида, раҳбарият эътирофида бўлган Ражаб Қодиров Ички ишлар вазирининг ўринбосари — Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинлангач, зиммасидаги масъулият янада ортди. Энди мамлакатдаги барча жазони ижро этиш муассасалари, тергов ҳибсхоналари учун, ҳаёт йўлларида қоқилган шахсларни тарбиялаш учун жавобгар эди. Аммо Ражаб Қодиров бундай масъулият қаршисида тараддудланиб қоладиган раҳбар эмасди.
Генерал-майор Ражаб Қодиров хизмат фаолияти давомида жуда кўп шогирдлар етиштирди. Улар ҳар доим устозини йўқлаб, байрамларда уйида меҳмон бўлиб, ҳол-аҳвол сўрашади.
...Кеч кириб ҳавонинг салқини юзни чимчилай бошлаганда, майдончада ўйнаб юрган болаларни ота-оналари чақириб олди. Уларни томоша қилиб ўтириб, саксон йиллик умрини кўз олдидан ўтказган Ражаб Қодиров ҳам аста ўрнидан туриб, уйи томон юрди. Эртага барвақт ишга бориши керак. Ахир, у айни пайтда ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти Ишлаб чиқаришни ташкил этиш бошқармасида етакчи эксперт бўлиб фаолият кўрсатмоқда. Тажрибаси ёшларга керак эканини, соҳага фойдаси тегаётганини ҳис этиб, яратганга шукроналар айтди.
Истеъфодаги генерал-майор Ражаб Қодиров жорий йилнинг 8 февралида саксон ёшни қаршилайди. Лавҳамиз қаҳрамонини табаррук ёши билан қутлаб, унга доимо шогирдлари, яқинлари ардоғида бўлишини тилаймиз.
Иномжон Раҳимхўжаев, капитан. “Постда”