Туман ИИБда. Кегейли: Ривожланиш йўлида...
2025-01-30 13:35:00 / Янгиликлар
Кегейли тумани 1928 йили ташкил этилган. Ҳудуд номининг келиб чиқиши шу ердан оқиб ўтувчи канал бўйида кегей дарахтлари жуда кўп бўлгани билан изоҳланади.
Нукус шаҳридан қарийб 40 км узоқликда жойлашган туман Чимбой, Қораўзак, Бўзатов ва Мўйноқ туманлари билан чегарадош. Таркибида 2 та шаҳарча, 18 та макон ва овул фуқаролар йиғини мавжуд.
Бугунги кунда ҳудудда тинчлик-осойишталикни сақлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш юзасидан туман ИИБ ходимлари томонидан қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Туман ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш гуруҳи ходимлари ўтган йилда 2100 дан ортиқ хорижга чиқиш биометрик паспортлари, 12 мингдан ортиқ ID-карталарни ўз эгаларига топширди. Вақтинча яшаш учун келган 629 нафар чет эл фуқароси ҳисобга қўйилди.
Бундан ташқари, хорижга кетиб, узоқ муддатдан сўнг ватанга қайтиш гувоҳномаси билан келган 55 нафар фуқаро билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилган.
Илгари жиноятга қўл урган шахсларнинг қайта жиноят содир этиш ҳолати кўпайганлиги боис улар билан ишлаш тўғри йўлга қўйилмоқда.
— Ўтган йили туман ИИБ Пробация гуруҳи ҳисобида 67 нафар шахс бўлиб, олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида йил якунига қадар улардан 26 нафари муддатидан илгари шартли равишда озод этилган. Аксинча, белгиланган тартибга риоя этмагани учун 9 нафар шахснинг жазоси озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилган, дейди Пробация гуруҳи катта инспектори, капитан Абдирахман Зарликов.
Ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, уларни ижтимоий, иқтисодий, маънавий томондан қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида туман ИИБ бошлиғи томонидан 40 нафар ёш оталиққа олинган бўлиб, ўтган вақт мобайнида мазкур ёшлар билан учрашувлар, айрим чет элда юрганлари билан онлайн тарзда суҳбатлар ўтказилиб, муаммолари ўрганилди. Ўрганишлар давомида 23 та муаммо аниқланиб, шу кунга қадар уларнинг деярли барчаси ўзининг ижобий ечимини топди.
Бугунги кунда туман 3-секторига бириктирилган ҳудудда 4 та маҳалла мавжуд бўлиб, улардаги 3431 та хонадонда 18 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.
Биргина ўтган йили сектор ишчи гуруҳи аъзолари ва тегишли ташкилотларнинг мутахассислари билан биргаликда аҳолининг қуйи қатламларигача кириб борилиб, оилаларнинг турмуш шароити ўрганилди. Шунга кўра, биринчи навбатда, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган, ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжи бор оилалар билан манзилли тадбирлар амалга оширилди. Бандлиги таъминланиши лозим бўлган 563 нафар фуқародан 345 нафари ишга жойлаштирилди. Шунингдек, «Темир дафтар» рўйхатига киритилган ўта эҳтиёжманд 21 та оила, «Аёллар дафтари»даги 555 нафар хотин-қизга ҳар томонлама ёрдам кўрсатилди.
Ўтган йили маҳаллаларда жами 87 маротаба сайёр қабуллар ўтказилиб, уларда 164 та мурожаатнинг 107 таси ижобий ҳал этилди. Айни пайтда 3 та мурожаат кўриб чиқилмоқда.
Ўтган йили туманда 500 дан ортиқ турли профилактик тадбирлар ўтказилган бўлса, уларнинг кўнгилдагидек ўтишини таъминлаш мақсадида жалб этилган ходимлар томонидан 150 дан ошиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланган. Бундан ташқари, жойларда олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида 12 та ов қуролининг қисмлари ихтиёрий равишда топширилган.
Айни пайтда туман ҳудудидаги жамоат жойларига 84 та видеокузатув камераси ўрнатилган. Ушбу видеокузатув камераларидан 48 таси бевосита Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ва туман ИИБдаги Навбатчилик қисмига интеграция қилинган. Бу, ўз навбатида, жойлардаги ҳолатни реал вақт режимида кузатиш ҳамда жиноятларни тезкорлик билан фош қилишда қўл келмоқда.
Азамат Пирниязов, ўз мухбиримиз. “Постда”
Қорақалпоғистон Республикаси