Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи полковник Раҳмат Маматов томонидан Ургут туманидаги ободонлаштириш ишлари бўйича топшириқлар берилди
2025-01-30 11:55:00 / Янгиликлар
Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи, вилоят 3-сектор раҳбари полковник Раҳмат Маматов томонидан Ургут тумани Мўминобод маҳалласида «Обод хонадон–обод кўча–обод маҳалла» тамойиллари асосида олиб борилаётган ишларни жадаллаштириш юзасидан масъулларга топшириқлар берилди.
Ушбу тамойилнинг асосий мақсади – маҳалла аҳолисининг турмуш шароитларини яхшилаш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва ҳудудда ободликни таъминлашдир. Ҳар бир хонадоннинг ободлиги ва фаровонлиги, ўз навбатида, кўча ва маҳалланинг ободлигини таъминлайди. Шу мақсадда, маҳаллаларда уй-жойлар таъмирланиши, кўчалар ва жамоат жойларида ёритиш тизими яхшиланиши, шунингдек, яшаш муҳитини ижтимоий ва экологик жиҳатдан соғломлаштириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар режалаштирилган.
Бундан ташқари, полковник Маматов масъулларга ушбу ишларни тезкорлик билан амалга ошириш, фуқаролар билан яқиндан ишлаш ва барча ташкилий ишларни самарали координация қилиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берди. Шу билан бирга, маҳалла аҳолиси ўртасида маданий ва ижтимоий фаолликни ошириш, фуқароларни ўз ҳудудларида хавфсизликни таъминлашга жалб қилиш муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланди.
Мазкур топшириқлар ижроси бўйича тузилган ишчи гуруҳи ва мутасадди ташкилотлар томонидан бир қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати