Ёшлар сиёсати. «Муносиб давомчи бўламан!»
2025-01-29 23:00:00 / Янгиликлар
Бугун ички ишлар органларида намунали хизмат қилаётган фаол ва ташаббускор ёш ходимлар кўпчиликни ташкил этади. Андижон вилояти ИИБ ЖХХ ҲПБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази психологик таъминлаш гуруҳи психологи, катта лейтенант Каримжон Абдураҳмоновни ҳам шулар сафига киритиш мумкин.
У 2021 йилдан буён ички ишлар органлари сафида. «Ёшлар фидойиси» кўкрак нишони соҳиби.
Каримжон мунтазам равишда вояга етмаганлар билан индивидуал суҳбатлар ва психологик консултация ишларини ўтказиб келади.
Ўтган йили марказга қаровсиз ва назоратсиз қолган 714 нафар вояга етмаган ўғил-қиз жойлаштирилди. Уларнинг ижтимоий аҳволи ўрганилганида 654 нафарининг ота-онаси борлиги, 50 нафарининг отаси ёки онаси ҳамда 3 нафарининг ҳеч кими йўқлиги маълум бўлди.
Вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ҳамкор ташкилотлар билан манзилли ишлар ташкил этилмоқда, — дейди лавҳамиз қаҳрамони.
Ҳақиқатан ҳам, марказ ходимлари томонидан вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш борасида аниқ манзилли ишлар олиб бориляпти.
Жумладан ўтган йили 10 нафар вояга етмаган ихтисослаштирилган таълим муассасаларига жойлаштирилиши таъминланди.
Каримжон отаси доим у билан фахрланишини истайди. Негаки, у касб танлашда айнан падари бузрукворига издош бўлган. Унинг отаси Маҳмуджон Абдураҳмонов узоқ йиллар вилоят ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармасида хизмат қилиб, ҳозирда қарилик гаштини сурмоқда.
У кишига муносиб давомчи бўлишга интиламан ва ота касбимдан ғурурланаман. Шу боис ўз устимда ишлашдан тўхтамаслик орқали кўпроқ ютуқларга эришиш учун ҳаракатдаман, — дея қўшимча қилади у.
Ёш ходим доимий изланишда, китобга ошно тутинган. Ишонамизки, у изланиш ва интилишдан асло тўхтаб қолмайди ва хизматда катта ютуқларга эришади, албатта.
©️ “Postda” газетаси, Аброр Поёнов.