Фарғона вилоят ИИБ бошлиғи генерал-майор Азизбек Икрамов Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тўртинчи сессиясида ҳисобот берди
2025-01-29 08:50:00 / Янгиликлар
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги тўртинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессия ишида вилоятдан сайланган Олий Мажлис Сенати аъзолари, вилоят Кенгаши депутатлари, вилоят секторлари раҳбарлари, вилоят ҳокимининг тегишли ўринбосарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этдилар.
Кун тартибига кўра, вилоятимизда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати, шунингдек, жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида 2024 йилда амалга оширилган ишлар таҳлили ҳамда жорий йилда кўриладиган таъсирчан чора-тадбирлар юзасидан вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи генерал-майор Азизбек Икрамовнинг ҳисоботи эшитилди.
Ҳисоботда қайд этилганидек, йил давомида жиноятларни жиловлаш ва жамоат хавфсизлигини ишончли таъминлаш “Хавфсиз ҳудуд”, “Аҳил оила”, “Тиғ”, “Хавфсиз шаҳар, осойишта маҳалла” каби 10 дан ортиқ тезкор-профилактик тадбирлар, аҳоли ўртасида 47 мингдан ортиқ тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Вилоят ҳудудида 326 мингта ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб қонуний чора кўрилди.44 минг 689 нафар шахслар профилактик ҳисобга олиниб, улар билан индивидуал иш ташкил этилди.
Иш ва яшаш жойи ноаниқ бўлган 65 нафар шахслар реабилитация марказига, 50 нафар вояга етмаганлар ижтимоий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилди.
Тегишли идоралар билан бирга хотин-қизлар жиноятини олдини олиш мақсадида, 67 минг 337 та оилалар ўрганиб чиқилди. Жиноят содир этишга мойил аёллар билан 37 мингдан ортиқ профилактик суҳбатлар ўтказилди.
Тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини олдини олиш мақсадида 4 минг 397 нафар хотин-қизларга “Ҳимоя ордери” берилди, 905 нафар хотин-қизлар тузалиш дастурига йўналтирилди.
Шунингдек, сессияда бошқарма бошлиғи депутатларнинг мавзуга оид саволларига ҳам жавоб қайтарди.
Фарғона вилоят ИИБ Ахборот хизмати