Сурхондарё вилояти ИИБда вилоят сектор раҳбарлари иштирокида видеоселектор йиғилиш бўлиб ўтди
2025-01-27 12:00:00 / Янгиликлар
Вилоят Ички ишлар бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январь кунидаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1-сонли Қарори ижроси юзасидан видео-селектор тарзидаги тезкор йиғилиш бўлиб ўтди.
Мазкур йиғилишда, вилоят прокурори адлия катта маслаҳатчиси Бахтияр Бабаджанов, вилоят ИИБ бошлиғи полковник Тимур Исмаилов, вилоят Солиқ бошқармаси бошлиғи Эркин Нарманов, Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи подполковник Рустам Жабборов, вилоят прокурори ўринбосарлари, вилоят ИИБ бошқарма бошлиғи ўринбосарлари, Миллий гвардия бошқармаси масъуллари, вилоят ИИБ барча соҳавий хизмат раҳбарлари, шаҳар-туман студияларидан сектор раҳбарлари, туман ИИБ бошлиғи ўринбосарлари, барча соҳавий хизмат ходимлари, туман солиқ бўлими бошлиқлари, туман Миллий гвардия бўлими ҳузуридаги Қўриқлаш бўлими масъуллари иштирок этишди.
Вилоят ИИБ бошлиғи полковник Т.Исмаилов кун тартибидаги масалани таништириб, вилоят ҳудудида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, криминоген вазияти оғир бўлган қизил тоифа сирасига киритилган 121 та маҳаллаларга бириктирилган масъулларга жиноятчиликни жиловлаш, маҳалла еттилиги аъзолари фаолиятини тўғри ташкил этган ҳолда жиноят ўсишига шароит яратиб бераётган омилларни чуқур таҳлил қилиб, бу борадаги ишларни самарали олиб бориш, ахборот технологиялари соҳасида содир этилиши мумкин бўлган жиноятларни барвақт олдини олиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Вилоят прокурори адлия катта маслаҳатчиси Б.Бабаджанов ҳам давлатимиз раҳбари томонидан қарор асосида белгилаб берилган вазифаларни ҳар-бир ҳудудга бириктирилган масъуллар виждонан бажаришлари, вилоят ҳамда Республика раҳбарияти ҳузурида ҳар ой, ҳар чорак ва ҳар олти ой якунларида ўтказиладиган муҳокама йиғилишларида амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот бериб бориш, бу борада сусткашликка йўл қўйган раҳбар ва масъуллар лавозимидан озод этишгача бўлган жазо чоралари қўлланилиши ҳақида такрор огоҳлантирилди.
Йиғилиш давомида, Миллий гвардия Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи подполковник Рустам Жабборов томонидан Қўриқлаш хизматлари ходимлари томонидан ҳудудларни камералаштириш, бино ва иншоотларни, аҳоли хонадонларини қўриққа олиш ишларини шаҳар-туман сектор раҳбарлари билан ҳамкорликда фаолиятини янада жонлантириш таклифи билдирилди.
Шунингдек, вилоят-шаҳар ва туман студияларидан қатнашаётган масъулларнинг кун тартибидаги масала юзасидан муаммо ва таклифлари тингланди.
Йиғилиш якунида, вилоят прокуратураси ҳамда вилоят ИИБ томонидан ишчи гуруҳи ташкил қилиниб, жойларга чиққан ҳолда кунлик амалга оширилаётган ишларни назорат қилиб бориш ва аниқланган муаммо ва камчилликларни жойида бартараф этиш чораларини кўриш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати