Профилактика хизмати. Бола кўчада қолмасин
2025-01-25 22:00:00 / Янгиликлар
- Бугун нега ертўлада ётдинг? — сўради чамаси 12 ёшли боладан маҳалла профилактика инспектори, капитан Комил Ҳайитов.
- Ота-онам уйдан ҳайдаворди.
- Бирон нарса едингми?
Комил ўйга толди: «Қанақа одамлара, булар? Кимлардир тирноққа зор, булар эса тўрт мучаси соппа-соғ, ақлли-ҳушли боласини кўчага ташлаб қўйгана?! Эсиз, ҳайф ота-она деган ном...»
У аввал бир неча бор болани уйига олиб бориб, ота-онасига «Фарзандингизни уйдан ҳайдаманг, акс ҳолда, сизларни ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича тегишли идораларга хат кирита-ман», деб огоҳлантирган. Аммо уларга ичкилик бўлса бас, бола керак эмас.
Огоҳлантиришлар натижа бермаслигини англаб етган профилактика инспектори болани машинасига ўтқазиб, Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига олиб кетди.
Комил уйида кунда-кунора бўладиган жанжаллардан безиб тунларни ертўлаларда ўтказган бўлсада, қадрдон гўшасидан айрилгиси келмаётган болакайнинг кўзига қарашга журъат тополмади. Унинг кўзида аччиқ ёш қалқиб тургани шундоқ кўриниб турарди.
- Афсуски, ўтган йили 10 нафар болани Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирдик. Қаровсиз ва назоратсиз қолган бундай болаларнинг кўзида ялт этган ёшни кўриб, дилингиз оғрийди. Бу кўз ёшлар юрагингизга оққандек бўлади. Бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ичкиликбозликка ружу қўйган 3 нафар, муқаддам судланган 5 нафар шахсни профилактик ҳисобга олдик, — дейди Сергели туманидаги «Садоқат» маҳалласи профилактика инспектори, капитан Комилжон Ҳайитов куюнганча.
Дарҳақиқат, ўтган йили 220 нафар фуқарога нисбатан маъмурий чоралар кўрилган. 2 нафар фуқаро маъмурий қамоққа олинган, 2 нафари Тошкент шаҳар ИИББ Реабилитация марказига жойлаштирилган.
4100 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган маҳалла кўрилган профилактик чора-тадбирлар самараси ўлароқ, бугун «яшил» тоифада. 1101 та оиладан 9 таси «Темир дафтар»га киритилган. «Аёллар дафтари» рўйхатидаги хотин-қизлар сони эса 110 нафарни ташкил этади.
Имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратиш, ўзини ўзи банд қилиш ва корхоналарга ишга жойлаштириш ҳисобига ўтган йили 97 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланишига эришилган.
Буларнинг барчаси ҳудудда жиноятчиликка қарши курашишда кўнгилдагидек натижалар қўлга киритилишида муҳим асос бўлмоқда.
©️ “Postda” газетаси, Шуҳрат Рўзиев, Тошкент шаҳри.