Қўшқанотлар. Оила мустаҳкамлиги бахтнинг тўкислигига боғлиқ
2025-01-23 13:20:00 / Янгиликлар
Бухоро вилояти ИИБ ЖХХ ҲПБда фаолият олиб бораётган подполковник Қувват Ярашов ва майор Луиза Муҳсинова аҳил ва иноқ умргузаронлик қилиб келишмоқда.
Бахт ўз-ўзидан келавермайди. Инсон қайси соҳада меҳнат қилмасин, касбини севса, уни ардоқласа, албатта, бахтга эришади. Лавҳамиз қаҳрамонлари ана шундай эзгу ва хайрли ишлари туфайли эл назарига тушди.
— Зиёли оилада туғилганим боис ота-онам ўқишимга алоҳида эътибор қаратган. Китоб ўқишга жуда қизиққанман. 6—7-синфларда машҳур ёзувчи Артур Конан Дойлнинг Шерлок Холмс тўғрисидаги асарини ўқиб, изқуварлик касбига қизиқишим уйғонди. Кейин отамнинг маслаҳати ҳамда орзуларим боис шу соҳани танладим, дейди подполковник Қувват Ярашов.
2010 йилда ИИВ Академиясини тугатган Қувват хизмат фаолиятини Ғиждувон тумани ИИБда профилактика инспектори лавозимида бошлади. Салкам беш йил шу туманда ишлагач, вилоят ИИБ Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармасида инспектор, 2018-2020 йилларда вилоят ИИБ Матбуот хизмати раҳбари сифатида фаолият юритиб, айни пайтда вилоят ИИБ ҲПБ муҳим топшириқлар бўйича инспектор лавозимида хизмат қилмоқда.
Майор Луиза Муҳсинова ҳам ёшлигидан китобхон бўлган. У она тили ва инглиз тилини мукаммал ўрганди. Аммо орзулари бошқача эди. Кўпчилик қизлар каби, у ҳам стюардесса, дизайнер ёки дипломат бўлишни орзу қиларди. Инглиз тилини ўрганишдан мақсад ҳам шу эди. Бироқ отаси ҳамда ўша кезларда ички ишлар органларида хизмат қилган яқин қариндошларидан бирининг маслаҳати ва тавсияси билан 2008 йилда ИИВ Академиясига ўқишга кирди. Ўқув даргоҳини тамомлагач, Бухоро шаҳар ички ишлар органларидаги турли лавозимларда, хусусан, вояга етмаганлар билан ишлаш ва хотин-қизлар бўйича катта инспекторлик лавозимларида хизмат қилди. Айни пайтда Бухоро шаҳар ИИОФМБ 3-сонли ИИБ ҲПБ Хотин-қизлар масалалари бўйича инспектори.
- Бизнинг танишишимиз ҳам қизиқ бўлган, дейди Қувват Ярашов. — Иккимиз ёнма-ён тумандан бўлсакда, азим шаҳарда бирга ўқиб, бахт остонасига бирга қадам қўйдик. Халқимизда «Сарбон қаерда бўлса, карвон ўша ерда» деган нақл бор. Рафиқам ҳам ҳар ерда маслакдош, елкадош ва оилада кўмакчи бўлиб келмоқда. Хизмат зарурати туфайли турли кўнгилсиз ҳодисалар, оилавий можаролар гувоҳи бўлиб, уларни муҳокама қилиш, расмийлаштириш баробарида, инсонга ҳиссий таъсир кўрсатмай қолмайди. Ана шундай вазиятлардан сўнг эса оилага худди ҳеч нарса бўлмагандек кириб бориш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Зеро, касбимиз шуни тақозо этади, бир-биримизни тушунамиз, керакли пайтда қўллаб-қувватлаймиз.
Шарафли касбдан эъзоз топган бу аҳил оила жамоада ҳам, маҳаллада ҳам энг намуналилардан бири саналади. Улар Дилшод, Лазиза ва Улуғбекларни тарбиялаб вояга етказишяпти. Уларнинг ҳам келажакда ота-оналари сингари, халққа манфаати тегадиган инсонлар бўлиб етишишига ишонамиз.
Мирзоқул Аҳадов, ўз мухбиримиз. «Постда»
Бухоро вилояти