Яқин тарих саҳифаларида. Сабр ва матонат меваси
2025-01-22 23:00:00 / Янгиликлар
Полковник Ёқуб Маҳамаджоновда ички ишлар органлари ходимига хос характер ва салобат бор. У билан мулоқот қилган инсон борки, барчаси илиқ таассурот ва хуш кайфият билан хайрлашарди. Зеро, халқ ишончини қозониб, унинг қалбидан жой эгаллаш ҳам осойишталик посбонларининг энг муҳим хусусиятларидан биридир.
Ўзида ана шундай ижобий фазилатларни мужассам этган Ё. Маҳамаджонов 1937 йилнинг 17 июнида Тошкент вилоятининг Калинин (ҳозирги Зангиота) туманида туғилган. Аввалига Тошкент ўрта махсус милиция мактабини, кейинчалик собиқ Иттифоқ ИИВ Академиясини тамомлаган қаҳрамонимиз илк хизмат фаолиятини Сирдарё вилоятининг Боёвут тумани милиция бўлимида тезкор вакил лавозимида бошлаган, кейинчалик Янгиер шаҳар милиция бўлимида ва вилоят ЖТСБ Жиноят қидирув бўлими бошлиғи лавозимида давом эттирган.
Ё.Маҳамаджонов Сирдарё вилоятидаги узоқ йиллик фаолиятидан сўнг Тошкент вилоятининг Калинин туманига қайтиб, у ерда ҳам ИИБ Жиноят қидирув бўлими бошлиғи сифатида ўз соҳасининг етук билимдонига айланди. Калинин тумани ИИБ бошлиғининг ўринбосари, Юқоричирчиқ тумани ИИБ бошлиғи вазифасини бажарувчи ҳамда вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари — кадрлар бўлими бошлиғи лавозимларига муносиб кўрилди. Олти йил давомида Наманган вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида хизмат қилиб, аҳоли тинчлик-хавфсизлигини таъминлашга ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшди.
1984 йилда яна Тошкент вилоятига қайтиб, Оҳангарон тумани ИИБ бошлиғи лавозимида хизмат фаолиятини давом эттираётган Ёқуб Маҳамаджонов 1986 йилда Гдлян ва Ивановлар бошчилигидаги гуруҳ томонидан ҳибсга олинади. Турли ёлғон ва бўҳтонларга учраб, сохта айблар билан қамалган адолатли қонун ҳимоячисининг ҳақиқатни юзага чиқариш учун қилган барча уринишлари бесамар кетади. Лавҳамиз қаҳрамони ўша машъум кунларни чуқур хўрсиниш билан шундай хотирлайди:
- «Баҳорнинг ёқимли ва фараҳбахш кунларидан бири эди. Эрта тонгда Оҳангарондаги хизмат уйимдан ҳар кунгидек туман аҳолисининг осойишталигини билиш мақсадида ИИБ Навбатчилик қисмига қўнғироқ қилсам, негадир телефон ишламади. Алоқадаги носозлик деб ўйладим. Сўнгра нонушта қилиб, ишхонага бордим. Киришим билан навбатчилик қисми бошлиғи олдимга келиб, ҳамма жойда тинчлик-хотиржамлик ҳукм сураётганлиги ҳақида ахборот берди.
Бу ердаги телефонни текшириб кўрсам ишлаяпти. Ҳайрон бўлганча хизмат хонамга йўл олдим. Эндигина кириб, қўлимдаги буюмларни стол устига қўяётган эдим, эшик очилиб, 8 нафар фуқаролик кийимидаги шахслар хонамга кириб келди.
Ўзларини прокуратура ходимлари, деб таништирган бу кимсалар менинг устимдан ариза тушганлиги ва порахўрликда гумонланаётганлигим сабабли улар билан боришимни айтишди. Борганимдан сўнг тизимдаги баъзи раҳбарларга қарши кўрсатма беришимни, йўқса, ўзимнинг қамалиб кетишимни айтиб, таҳдид қилишди. Лекин мен уларнинг йўриғига юрмадим.
Шундан сўнг олти ой давомида тергов қилиб, тайинли айбни бўйнимга қўя олмагач, қўл остимда ишлайдиган бир нечта ходимни қўрқитиб, уйимга арзимаган миқдорда егулик ва ичимликлар олиб боргани ҳақида ёлғон кўрсатмалар олишибди.
Шу тариқа, мени Москвага олиб кетиб, ҳарбий суд томонидан узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарилди. У ердаги қамоқхонада бошимдан ўтказган азобларни тил билан тасвирлаш мушкул.
Ана шундай қийинчиликлар билан орадан 5 йилу 6 ой вақт ўтгач, мамлакатимиз мустақилликка эришди. Шу боис давлатимиз раҳбарияти ва ўша пайтдаги Ички ишлар вазири, ҳозирда вазир маслаҳатчиси, генерал-полковник Зокиржон Алматовнинг саъй-ҳаракатлари билан мен каби кўплаб ноҳақ туҳмат билан қамалганлар юртимизга қайтарилиб, Олий суднинг қарори билан оқланиш шарафига муяссар бўлдик. Бунинг учун барча қатори мен ҳам давлатимиз ва ҳукуматимиз раҳбариятидан бир умр миннатдорман.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз ички ишлар органлари тизимида Маҳамаджоновлар сулоласининг ўзига хос ўрни бор. Чунки Ё.Маҳамаджоновнинг акаси Турсунбой ва укаси Аҳмаджонлар ҳам соҳанинг турли раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиб, халқ осойишталигига муносиб ҳисса қўшишган.
Уларнинг ҳар иккиси ҳам подполковник унвонида иззат-икром билан пенсияга кузатилган. Турсунбой аканинг тўнғич ўғли Комилжон йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида фаолият юритиб, ўз вазифасини сидқидилдан бажараётган пайтида бахтсиз ҳодиса туфайли ҳаётдан кўз юмган.
Кенжа ўғли капитан Қобилжон Маҳамаджонов эса тажрибали изқуварлардан бўлиб, афсуски, оғир хасталик уни ҳам орамиздан бевақт олиб кетди. Бугунги кунда сулоланинг давомчиси саналмиш Аҳмаджон Даминовнинг ўғли подполковник Бунёджон Маҳамаджонов Миллий гвардиянинг Тошкент вилояти Қўриқлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида астойдил хизмат қилиб, 18 йилдан буён юртимиз тинчлик-хотиржамлигига камарбаста бўлиб келмоқда.
Ана шундай фидойи ва жасур, юрт осойишталиги йўлида жонини ҳам бахшида этадиган инсонларнинг фарзанди эканлигимдан беҳад фахрланаман, — дейди подполковник Бунёджон Маҳамаджонов. — Амаким Ёқубжон Маҳамаджоновдан соҳага оид кўплаб билим ва тажрибаларни ўрганиб, ҳаётий насиҳатларига амал қилиб келаман.
Ё.Маҳамаджоновнинг турмуш ўртоғи Дилбар Аминова ҳам Тошкент вилояти ИИБ Тиббиёт бўлими шифокори бўлиб, ходимлар саломатлиги йўлида хизмат қилган. Улар 4 нафар фарзандни тарбиялаб, олий маълумотли мутахассислар сифатида камолга етказишди.
Отам тарбиямизга қаттиқ турар, ҳар куни эрталаб дарсларга тайёргарлигимизни текшириб, мактабдаги хулқимизни ҳам назорат қиларди, — дейди қаҳрамонимизнинг ўғли Шуҳрат Маҳамаджонов. — Шу боис барчамиз жамиятда ўрнимизни топиб, халқимиз фаровонлиги йўлида ҳалол меҳнат қилиб келяпмиз. Бунинг учун, биринчи навбатда, падари бузрукворимиздан беҳад мамнунмиз.
Бугунги кунда 16 та невара ва 30 га яқин чевара қуршовидаги бу инсонлар ўзларини дунёдаги энг бахтли оиланинг устунлари, деб билишади.
©️ “Postda” газетаси, Михли Сафаров.