Ички ишлар вазири ўринбосари генерал-майор Бекмурод Абдуллаев ҳузурида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди
2025-01-19 09:00:00 / Янгиликлар
Ички ишлар вазири ўринбосари генерал-майор Бекмурод Абдуллаев ҳузурида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан 2024 йилда амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар ҳамда 2025 йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Мазкур йиғилишда Ички ишлар вазири ўринбосари генерал майор Бекмурод Абдуллаев раҳбарлик қилиб, ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати раҳбарияти ҳамда барча ҳудудий масъул ходимлар иштирок этди.
Йиғилишда йил давомида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида амалга оширилган ишлар, йўлларда инсон ўлимини камайтириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар ва йўл қўйилган камчиликлар кенг муҳокама қилинди. Ҳар бир ҳудудда йўл ҳаракати билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда қўлланилган усуллар ва уларнинг самарадорлиги таҳлил қилинди.
Шунингдек, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи, полковник Шерзод Ибрагимов йиғилишда ўз маърузаси билан иштирок этиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш йўналишида амалга оширилган муҳим ишлар ҳақида маълумот берди.
Жумладан, замонавий технологиялардан фойдаланиш, хавфсиз йўл шароитларини яратиш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган янги чора-тадбирлар ва уларнинг натижаларини баён қилди.
Йиғилиш якунида Ички ишлар вазири ўринбосари пиёдалар ва болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Шунингдек, Эксплуатация-монтаж бўлинмалари томонидан олиб борилаётган ишлар сифатини янада ошириш бўйича аниқ кўрсатмалар берди.
ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Ахборот хизмати