Ички ишлар вазирлиги делегациясининг Қатар Давлатидаги ташрифи давом этмоқда
2025-01-17 15:05:00 / Янгиликлар
![Ички ишлар вазирлиги делегациясининг Қатар Давлатидаги ташрифи давом этмоқда](/_next/image?url=https%3A%2F%2Fapi-portal.gov.uz%2Fuploads%2F4d190621-09ba-fdef-1574-58e4efbef4c3_lists_slider_.jpg&w=3840&q=75)
Аввал хабар берганимиздек, 2025 йил 14-16 январь кунлари Қатар Давлати Ички ишлар вазирлиги Иқтисодий ва кибержиноятларга қарши курашиш департаменти раҳбарининг Ўзбекистон Ички ишлар вазирига берган таклифига асосан Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти Киберхавфсизлик марказининг раҳбар ходимлари Доха шаҳрида амалий ташриф билан бўлиб турмоқда.
Ташриф давомида Иқтисодий ва кибержиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи ўринбосари ҳамда бир вақтнинг ўзида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси Кибержиноятчиликка қарши курашиш бўйича Доха шаҳридаги минтақавий маркази бошлиғи Қоссим Юсуф Ал-Кувари билан Қатар томони таклифига биноан Ўзбекистоннинг Қатардаги элчихонаси масъул ходими иштирокида учрашув ўтказилди.
Учрашув давомида халқаро марказ фаолияти билан яқиндан танишилди. Марказ Араб кўрфази, Африка ва Осиё мамлакатлари полиция хизматларининг кибержиноятчиликка қарши курашувчи бўлинмалари ходимларини халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда ўқитиши малакасини ошириши ҳақида маълумот олинди.
Марказ бошлиғи Ўзбекистон вакилларини ўқув курсларини малакасини оширишда яқиндан ёрдам кўрсатиши, 2025 йилга мўлжалланган курслар ҳақида маълумот бериб, ҳамкорликда тадбирларни ўтказишга тайёрлигини маълум қилди.
Ўзбекистон делегациясининг Қатарга ташрифи давомида кибержиноятчиликка қарши курашиш йўналишида кўплаб манфаатли музокаралар ўтказилди.
ИИВ Тезкор-қидирув департаменти Киберхавфсизлик маркази