Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги делегацияси амалий ташриф билан Қатар Давлатида бўлишмоқда
2025-01-17 11:40:00 / Янгиликлар
![Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги делегацияси амалий ташриф билан Қатар Давлатида бўлишмоқда](/_next/image?url=https%3A%2F%2Fapi-portal.gov.uz%2Fuploads%2F5d1d2c25-0842-6a82-5e2e-dad92d95d4ef_lists_slider_.jpg&w=3840&q=75)
2025 йил 14-16 январь кунлари Қатар Давлати Ички ишлар вазирлиги Иқтисодий ва кибержиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи Али Ҳассан ал-Кубайисининг Ички ишлар вазири П.Бобожоновга берган таклифига асосан Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти Киберхавфсизлик марказининг раҳбар ходимлари Доха шаҳрида амалий ташриф билан бўлиб турмоқда.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад — ҳамкорликда кибержиноятларга қарши курашиш, маълумот ва тажриба алмашинувини йўлга қўйиш, малакали мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун икки томонлама ўқув курслари ташкиллаштириш имкониятларини кўриб чиқиш, бу борада икки томонлама ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш ҳамда имзолаш.
Ташриф давомида департамент бошлиғи Али Қубайиси делегация аъзоларини кутиб олиб, Қатар Давлати ҳамкорликда кибержиноятларга қарши курашишда ўзаро ҳамкорлик ўрнатишга тайёрлиги, келгусида алоқаларни мустаҳкамлаш лозимлигини таъкидлаган.
Учрашувлар давомида Қатар Давлати ИИВ Иқтисодий ва кибержиноятларга қарши курашиш департаменти таркибий тузилмалари фаолияти, иш вазифалари, функциялари, фойдаланувида бўлган дастурий таъминот ва маълумотлар базалар, иш услублари ҳақида маълумотлар олинди.
Делегация вакиллари ҳамкорликни узвий давом эттириш мақсадида кейинги учрашувларда Ўзбекистонда ўтказишда Иқтисодий ва кибержиноятларга қарши курашиш департаменти масъулларини мамлакатимизга таклиф қилишди.
Ташрифда содир этилаётган янги турдаги кибержиноятлар ҳақида ўзаро фикр алмашилди.
ИИВ Тезкор-қидирув департаменти Киберхавфсизлик маркази