Туман ИИБда. Дўстлик тумани: Олдинга интилиб
2025-01-16 22:00:00 / Янгиликлар
Дўстлик тумани ички ишлар бўлимида шахсий таркибнинг жисмоний, жанговар ҳамда касбий тайёргарлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Натижада соҳа вакиллари иштирок этаётган кўрик-танлов ва мусобақаларда улар юқори натижаларга эришмоқда.
Жумладан, ўтган йили «Энг намунали ҳуқуқ-тартибот маскани» кўрик-танловининг республика босқичида профилактика инспекторларимиз 3-ўринни эгаллашди. Бундан ташқари ички ишлар органлари ходимлари ўртасида ташкил қилинган «Заковат» интеллектуал ўйинининг вилоят босқичида туманимиз жамоаси 1-ўринни қўлга киритди. Худди шундай, вилоят ИИБ бошлиғи кубоги учун ўтказилган футбол мусобақасида туман ИИБ жамоаси 1-ўринни эгаллади.
Профилактика инспекторлари, катта лейтенант-лар Ойбек Қоржовов ва Жўрабек Бўканов, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати инспектори, катта сержант Дилшод Қаршибековлар қонунбузарликларнинг олдини олиш ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш борасида ҳам ҳамкасбларига ибрат кўрсатишяпти.
Осойишталикни асраётган бедорлар
Ўтган йил бошида туманда юз берган жиноятлар таҳлил этилиб, 7 та йўналишда тунги патруллик йўлга қўйилди. Мазкур йўналишларда тунги хизматни бажаришда туман ИИБ жамоат тартибини сақлаш гуруҳи ходимларига профилактика инспекторлари ҳамда маҳалла ёшлари яқиндан ёрдам беришяпти.
Шунингдек, соҳа вакиллари ов қуролларининг сақланиши ва фойдаланилиши билан боғлиқ қонунбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўрмоқда. Натижада 11 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, тегишли тартибда баённомалар расмийлаштирилди, 1 нафар фуқаро эса ноқонуний сақлаётган ов қуролини топширди.
Бундан ташқари, ходимлар томонидан 11 нафар фуқародан ўткир тиғли жисм-лар ҳужжатлаштириб олинди.
Терговчига осон, деб ўйламанг
Туман ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи ходимлари томонидан ўтган йилда 78 та жиноят иши юзасидан даст-лабки тергов ҳаракатлари олиб борилди. Бугунда мазкур жиноят ишларининг 68 таси тамомланиб, айблов хулосалари судларга юборилган.
Соҳа вакиллари томонидан ўтказилган тергов ҳаракатлари давомида жисмоний ва юридик шахсларга 1 миллиард 393 миллион сўм зиён етказилгани аниқланиб, ушбу зарарнинг 1 миллиард 46 миллион 650 минг сўмини ундиришга эришилган.
Катта терговчи, капитан Фаррух Ҳабибуллаев ҳамда суриштирувчи, лейтенант Достон Абдурасуловлар олдинги сафда.
Эзгулик бахш этаётганлар
«Саритепа» маҳалласида истиқомат қилувчи Жаҳонгир Ўтаевнинг турар жойи таъмирланди. Ғафур Ғулом номли маҳалланинг Мингчинор кўчасидаги кўп қаватли уйларнинг 2 та қозонхонаси янгиланди. «Бунёдкор» маҳалласидаги Ўзбекистон кўчасига 200 метрлик ичимлик суви қувурлари ётқизилди.
Шу каби эзгу ишлар туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 3-сектор ишчи гуруҳи томонидан амалга оширилмоқда. Бинобарин, сектор ишчи гуруҳи саъй-ҳаракатлари билан 12 километр йўл бетонланган. 125 дона темир-бетон устунлар ўрнатилиб, 1,4 километр узунликда электр тармоқлари тортилди, 2 та трансформатор янгиланди.
Худди шундай, бандликни таъминлаш мақсадида сектордаги маҳаллалар тадбиркорларига 5 миллиард 963 миллион сўм миқдорида кредит ажратилди. 142 киши доимий ишга жойлаштирилди. Ижтимоий дафтарларга киритилганларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, иш қуроллари билан таъминлаш ҳамда уларга тиббий кўмак кўрсатиш борасидаги натижалар ҳам ижобийдир.
Жиноятни фош қилишда ёрдам бергани учун...
«Қаҳрамон» маҳалласида истиқомат қилувчи Й.Б. ички ишлар органларига мурожаат қилиб, дала майдонида қаровсиз қолдирилган 5 бош қорамоли ўғирланганлигини маълум қилди. Ўз навбатида, соҳа вакиллари томонидан тезкор қидирув тадбирлари ўтказилиб, мазкур жиноят жабрланувчининг маҳалладошлари Ж.Ж. ва М.Н. томонидан содир этилгани аниқланди.
Мазкур қонунбузарликни фош этишда фуқаро Аҳмадқул Умиров соҳа вакилларига яқиндан ёрдам берган. Шу сабабли унга Жиззах вилояти ИИБ бошлиғининг қимматбаҳо совғаси топширилди.
Айтганча, дастлабки суриштирув давомида ушланганлардан бири ўтган ойда «Қаҳрамон» маҳалласидаги фермер хўжалиги даласидан 3 бош қорамол ўғирлаганлигини тан олган. Гумон қилинувчиларнинг бошқа жиноятларга ҳам алоқадорлиги ўрганилмоқда.
©️ “Postda” газетаси, Акмал Пармонов, майор. Жиззах вилояти.