Ички ишлар органлари фаолияти. Касбидан бахт топиб
2025-01-13 22:00:00 / Янгиликлар
Олийгоҳни тамомлаб, ўзи таҳсил олган Термиз шаҳридаги 9-мактабда психолог бўлиб ишлаётган Нуриддин Рўзиқулов ички ишлар органларида ишлаш ниятида ҳужжатларини топшириб, унинг жавобини интиқлик билан кутаётган пайт эди.
Бу орада ўзи ишлаётган мактабда ҳам қатор ташаббусларга қўл ургани, тиришқоқлиги учун «Энг яхши психолог» деб топилган қаҳрамонимизга Самарқанд вилояти Миллий гвардия бошқармасида ишлаш таклиф этилди.
Тўрт йил Самарқандда ишладим, — дейди Нуриддин Рўзиқулов. — Йилда бир марта фақат меҳнат таътили пайтида уйга келиб-кетардим. Бу ердаги хизмат фаолиятим давомида катта тажриба орттирдим ва бу инспекторлик фаолиятимда анча қўл келди.
2022 йил Нуриддиннинг ички ишларда ишлаш нияти рўёбга чиқди. У Термиз шаҳридаги «Шифокор» маҳалласига профилактика инспектори этиб тайинланди.
Бироқ Нуриддин хизмат вазифасига киришган пайтда маҳалла ҳудуди «қизил» тоифада эди.
Ишни маҳалладаги доимий рўйхатда турмайдиган аҳоли билан яқиндан танишишдан бошлади. Уларнинг хулқини ўрганиб, зарарли хулқ-атворга эга шахсларни аниқлаб, улар яшайдиган ижара уй эгалари билан суҳбатлашди.
Ҳудудда содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг сабабларини таҳлил қилиб, уларнинг олдини олиш бўйича зарур чораларни кўрди. Инспекторнинг маҳалла еттилиги билан ҳамкорлиги натижасида 2022 йилнинг сўнгига бориб, маҳалла «яшил» ҳудудга айланди.
Кўпроқ одамлар орасида бўлиш, ҳар куни маҳалланинг у бошидан бу бошигача айланиб, кўз билан кўриб, ишонч ҳосил қилиш керак, — дейди у. — Ҳозир ҳам маҳалла ҳудудидаги ресторан, аҳолига хизмат кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларининг иш вақти якунига етмагунча маҳалла ҳудудида боламан.
Хизмат тажрибамдан шунга амин бўлдимки, муаммони идорада ўтириб ҳал қилиб бўлмас экан. Халқ орасида юрсангиз, аҳолининг ишончи ортади, кўзлаган натижага ҳам эришасиз.
«Шифокор» маҳалласида 4177 нафар аҳоли истиқомат қилади. Профилактика катта инспектори доимий равишда «хонадонбай» суҳбатлар ўтказиб, маҳалладаги 7 ёшдан 70 ёшгача бўлганларни барини яхши таниб олган.
Аммо низоли оилалардаги жанжалларни кўриб, кўнгли хира тортади. Уларни бартараф қилиш учун эса низоли оилаларга ҳам моддий, ҳам маънавий кўмак беришга шошилади.
Боқимандалик кайфиятидаги одамлар билан кўпроқ суҳбатлар ўтказиб, уларни меҳнат қилишга ундайди. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижаси олароқ, маҳалладаги 10 та низоли оиланинг 8 таси яраштирилди.
Нуриддин Рўзиқулов ўз касбидан бахт топиб, фидойилик билан хизмат қилиб келаётган ходимлардан. Оилали, турмуш ўртоғи Севара Холмуродова билан уч нафар фарзандни бекаму кўст тарбияламоқда.
Баъзан маҳалладаги хонадонларни кўздан кечирганда кичик ёшли ўғли унга ҳамроҳлик қилади. Фарзандларининг тарбиясига, уларни бўш вақтларида фан машғулотлари, спорт билан шуғулланишларига алоҳида эътибор қаратади.
©️ “Postda” газетаси, Феруза Раҳмонқулова, Сурхондарё вилояти.