Соҳа фидойиси. Мақсадга айланган ҳавас
2025-01-10 22:00:00 / Янгиликлар
Кечагидек ёдида — Сарвар ички ишлар органи ходими бўлган отаси уйга келиши биланоқ унинг бош кийимини кийиб олар «Катта бўлсам, дадамдек бўламан!», дерди дадиллик билан.
Болаликда уйғонган бу ҳавас бора-бора аниқ мақсадга айланди. Мактабни тамомлаган лавҳамиз қаҳрамони аввалига Фарғонадаги лицейда, кейин Тошкент олий ҳарбий-техника билим юртида таҳсил олди.
Айни пайтда ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаментининг Тезкор қидирув бошқармаси ўта муҳим ишлар бўйича тезкор вакили бўлиб фаолият кўрсатаётган Сарвар Отажонов орзуси амалга ошган фидойилардан.
Йигирма беш йилдан буён тизимда жонкуярлик билан хизмат қилаётган подполковник С. Отажоновнинг отаси Йўлдош Отажонов узоқ йиллар эл-юрт осойишталиги йўлида фаолият юритиб, Транспортдаги ИИБ ЖҚБ бошлиғи лавозимидан иззат-икром билан пенсияга кузатилган.
Бироз муддат «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти юристи лавозимида ҳам фаолият олиб борган фахрийимиз ҳозир шириндан-шакар неваралари қуршовида, турмуш ўртоғи Хосият ая билан тинч-тотув умргузаронлик қилмоқда.
Соҳадаги устозларим қатори отам ҳам мустаҳкам таянчим, — дейди лавҳамиз қаҳрамони. — У киши мендан касбга оид маслаҳатларини аямай келаётир. Падари бузрукворимнинг ўгитларига доим қулоқ тутаман.
Оила — муқаддас даргоҳ. Сарвар хизматдан бўш пайтларини турмуш ўртоғи ва фарзандлари билан ўтказади. Тўнғич фарзанди Комила келажакда онасига ўхшаб олий маълумотли ҳисобчи, кенжаси Беҳрузбек сулола ишини давом эттириб, ички ишлар органи ходими бўлиш ниятида.
©️ “Postda” газетаси, Михли Сафаров.