Учинчи секторда нима гап? Яхшилик билан эл кўкарар
2025-01-08 11:50:00 / Янгиликлар
Инсонларнинг ёниқ қалби, меҳнаткаш қўллари туфайли бу ёруғ оламда доим яхшилик кўкаради. Бу хайрли амал кўпчиликнинг манфаати, фаровон ҳаёти йўлида бўлса, нур устига нур. Нарпай туманининг 3-сектори ҳудудидаги амалий ишлар ҳам ана шундай эзгуликка йўғрилган, десак, асло муболаға бўлмайди.
Ҳудуддаги 10 та маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли маҳаллаларда мавжуд 7466 хонадондаги 23119 та оилада 36023 нафар аҳоли истиқомат қилади. Туман ИИБ бошлиғи, подполковник Алишер Райимбердиев раҳбарлигида ҳудудда истиқомат қилаётган ногиронлиги бўлган, боқувчисини йўқотган, якка-ёлғиз яшовчи фуқаролар ва бошқа эҳтиёжманд оилалар, улардаги ёшлар ва хотин-қизларнинг рўйхати шакллантирилиб, ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилаётир.
— Йил бошида «маҳалла еттилиги», тадбиркорлар ва аҳоли билан учрашиб, «Бир маҳалла — бир маҳсулот» тамойили асосида битта маҳаллада бир турдаги сердаромад ва экспортбоп экин турлари экиш бўйича келишиб олинганди, — дейди сектор котиби, туман ИИБ ЖХХ ҲПБ ИПГ катта инспектори, подполковник Воҳиджон Хайриев. Йил якунига етиб, кутилган натижага эришганимиздан хурсандмиз. Мисол учун, йил давомида биргина «Оқолтин» маҳалласидаги мавжуд 847 та хонадоннинг 782 тасидаги 27 гектар иссиқхоналарда помидор ва бодринг етиштирилди. Маҳсулот сифати аъло, деҳқонларимизнинг даромади баракали бўлди. Бундан ташқари, «Тошкўприк», «Кўкота» ва «Хўжақўрғон» маҳаллаларидаги иссиқхоналарда етиштирилган маҳсулотлар маҳаллий бозорларимизга чиқарилмоқда.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, ҳудуднинг «Ёшлар дафтари» электрон платформасига киритилган ёшларнинг ҳам 980 нафарига керакли ёрдам кўрсатилган. Хусусан, 25 нафар йигит-қизнинг тўлов-контракти, 10 нафарига келажак касблари учун, 16 нафарига сафарбарлик чақируви резерви учун пул тўловлари амалга ошириб берилган.
«Аёллар дафтари»га киритилганларнинг 598 нафарига амалий ёрдам кўрсатилган. Жумладан, 406 нафар ишсиз хотин-қизнинг бандлиги таъминланган бўлса, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд аёлларнинг 59 нафарига кредитлар ажратилди. Боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлардан 47 нафарига эса моддий ёрдам берилди.
Учинчи сектор масъуллари ва тегишли ҳамкор ташкилот вакилларининг бир ёқадан бош чиқариб қилган меҳнати самараси ўлароқ, ҳудуд ободлиги, аҳоли ҳаётининг фаровонлигини янада ошириш борасидаги чора-тадбирлар ҳам яққол кўзга ташланди.
Ҳудудимиздаги Амир Темур номли, «Тинчлик» ва «Янгиобод» маҳаллаларидаги ички йўлларга 1,6 км узунликда асфальт-бетон қопламаси ва секторга қарашли бошқа маҳаллаларга 6,2 км қум-шағал аралашмаси ётқизиш ишлари амалга оширилди, дейди подполковник В. Хайриев. «Тинчлик» МФЙдаги 59-сонли мактаб давлат дастури асосида қайта таъмирланди. Аҳолига электр энергиясини етказиб беришда тез-тез узилишларнинг олдини олиш мақсадида «Тошкўприк», «Кўкота», «Бўстон» МФЙларига қўшимча равишда янги трансформаторлар ўрнатилди.
Тегишли дастур ҳамда ҳашар йўли орқали «Кўкота» МФЙга 3,6 км янги ичимлик суви тармоғи тортилиб, 72 та хонадон тоза ичимлик суви билан таъминланди.
Сирасини айтганда, ўтган йили ҳудуд аҳолисининг бир қатор муаммолари сайёр қабуллар, ёшлар билан учрашувларда жойида ҳал этилди. Шунингдек, келиб тушган мурожаатларнинг 97 фоизи ижобий ҳал қилинган ва асосли тушунтиришлар берилгани қувонарлидир. Бу одамларнинг юзига мамнунлик, гап-сўзига миннатдорлик бўлиб кўчган.
Гулноза Турғунбоева, ўз мухбиримиз. «Постда»
Самарқанд вилояти