Фахрийлар – фахримиз. Қаторда норинг бўлса...
2025-01-05 10:55:00 / Янгиликлар
Умрини касбига бахшида этган инсон, албатта, саодатга эришади. Эл ичра ҳурмат-эътибор қозонади. Ички ишлар органларида ҳам касбини ардоқлаб, касбидан бахт топган фахрийлар бисёр. Қашқадарё вилояти ИИБ Фахрийлар кенгаши аъзоси, истеъфодаги старшина Муродулла Хасанов ана шундай инсонлардан бири.
Косон туманининг Бўлмас қишлоғида, оддий деҳқон оиласида дунёга келган Муродулланинг болалиги қатағон даврига, ўсмирлиги машъум II жаҳон уруши йилларига тўғри келди. Эсини таниганидан ҳамма қатори далада ота-онасига кўмаклашди. Фронт ортини мустаҳкамлашда куч-ғайратини аямади. Йигирма ёшида қишлоқдаги ўрта мактабни тугатиб, Қарши темир йўл идорасига, отасининг ёнига ишга кириб, саккиз нафар ука-сингилларининг кам-кўстини тўлдириш учун кўмаклашди.
1965 йили ички ишлар органида хизматни бошлаган Косон тумани ИИБ милиционери М. Ҳасановга подполковник Умидилло Ҳайитов устозлик қилди.
Лавҳамиз қаҳрамони ҳаётида кунлар тунга, тунлар тонгга уланиб кетган вақтлар кўп бўлди. Ўша пайтда криминоген вазият оғир бўлган туманда хизмат қилиш осон эмас эди. шу боис устозларидан олган билим ва кўникмаларини амалиётда қўллаб, ўзига хос тажриба ва малака тўплади. Бурч ва масъулиятни ҳамма нарсадан устун қўйди.
Кейинги йилларда хизматни туманнинг ўзида, махсус комендатурада давом эттирган Муродулла Ҳасанов ҳар куни бу ерда сақланаётган муқаддам жиноят содир этган шахслар билан мулоқот қилишига тўғри келди.
Хизмат фаолиятининг сўнгги йилларида Қарши шаҳар ИИБ Қўриқлаш бўлимида бўлинма командири бўлиб хизмат қилган Муродулла Ҳасанов кўплаб ёш ходимларга устозлик қилди. Истеъфодаги подполковник, марҳум Эркин Бердиев, истеъфодаги майор Ибодулла Ҳусанов, истеъфодаги капитан Темир Алматовларга касб сирларини ўргатди.
Муродулла ота иззат-икром билан пенсияга кузатилганига ҳам 3ш йил бўлибди. Турмуш ўртоғи Ўғил ая билан 9 нафар фарзандни вояга етказишди. Улар бугун турли соҳаларда меҳнат қиляпти. Иккинчи ўғли Ҳошим Ҳасанов ота касбини давом эттириб хизматга кирди. Ўттиз йилдан ортиқ вақт мобайнида ППХ батальонида сафдорликдан бўлинма командири вазифасигача бўлган йўлни босиб ўтиб, 2ш18 йили пенсияга чиқди.
От изини той босар деганларидек, Муродулла бобонинг набираси, оддий аскар Аббос Эшқувватов ҳозирги кунда ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли 7533-ҳарбий қисмда назоратчи лавозимида хизмат қилмоқда.
Фарзандлар даврасида ўтириб дилдан суҳбат қуриш, уларга йўл-йўриқ кўрсатиш Муродулла ота учун одатга айланган. Айниқса, сулола ишини давом эттираётган набирасига доим эл-юрт учун фидойилик ва садоқат билан ҳалол хизмат қилишни уқтиради. Ҳалол хизмат ҳеч қачон эътибордан четда қолмаслигини ўз ҳаёти мисолида ҳикоя қилиб беришдан чарчамайди.
— Халқимизда қаторда норинг бўлса, юкинг ерда қолмайди, деган ибора бор, — дейди 90 ёшни қаршилаган Муродулла ота. Ҳар йили
байрамларда фарзандларим ва набираларим қаторида, вилоят ИИБ раҳбарияти ва Фахрийлар кенгаши аъзолари йўқлаб туришади. Мана, улар яқингинада ҳам уйимизга келиб, Янги йил байрами ва қутлуғ ёшга тўлганим билан табриклаб кетишди.
Ортда қолган йиллардан, ўтаётган умридан мамнун Муродулла ота Ҳасанов бугунги кунда 17 нафар набира, 13 нафар чевара қуршовида Юртбошига сиҳат-саломатлик, мамлакатга тинчлик, халқимизга омонлик тилаб, бахтиёрликда умргузаронлик қилмоқда. Ҳаётнинг мазмуни, моҳияти шу аслида!
Зокир Обилов, Қашқадарё вилояти ИИБ бошлиғи маслаҳатчиси, истеъфодаги подполковник.
Суратда: Муродулла ота Хасанов ўтли ва набираси билан.