Инсон қадри улуғ. Меҳр қучоғидан паноҳ топганлар
2025-01-04 22:00:00 / Янгиликлар
Сержант Қаҳрамон Хушвақов Сирдарё вилояти ИИБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида тарбиячи вазифасида ишлайди. Атрофдагилар томонидан унга юксак ҳурмат кўрсатилишининг муҳим бир сабаби бор. У ўз хонадонида меҳрибонлик уйи очиб, бир неча болани қарамоғига олган.
Гулистон шаҳридаги 2-мавзеда жойлашган шинамгина ҳовлида яшовчи Қаҳрамон ўн саккиз йилдан бери ички ишлар органларида фаолият кўрсатади. У хизмат қиладиган Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига кўплаб болалар келиб-кетади. Баъзиларининг ота-онаси вафот этган.
Айримлари ота-онаси ташлаб кетгани ёки қамалгани сабабли тирик етимга айланган. Қаҳрамон оилада муносиб тарбия топган инсон бўлгани учун қийинчилик гирдобида қолган болаларга эътиборсиз бўлмади.
2022 йил бошида Меҳрибонлик уйи ташкил этиб, 6 нафар болани ўз қарамоғига олди. Бунинг учун ҳовлисида қўшимча бино қурди. Иссиқлик тармоғи тортилди. Ювиниш хоналари замонавий шаклга келтирилди.
Ётоқхоналарга мебеллар олиб келинди. Болалар ўқиши, ҳордиқ чиқариши учун ҳамма шароит яратилди. Мана, орадан икки йил ўтиб, болаларнинг 2 нафари вояга етди.
Хушвақовлар оиласи меҳр булоғидан баҳраманд бўлган Флора ва Шаҳноза ҳозир 19 ёшда, Гулистон давлат университетининг педагогика ва психология факультетида таҳсил оляпти. Яқинда Шаҳноза оилали бўлди.
Қаҳрамон уни орзу-ҳавасларига монанд тарзда узатди. Флорахонимни ҳам сўраб келаётганлар бор. Лекин у университетни тугатгач, турмуш қуришни истаяпти.
Қалб амри билан ташкил этилган меҳрибонлик уйида яна 6 нафар бола тарбияланяпти. Улардан бири — Сардор кўп қийинчиликларни бошидан кечирган. Унинг онаси асли қозоғистонлик. Эри вафот этгач, онаси уни олиб Қозоғистонга кетишга мажбур бўлади ва афсуски, кўп ўтмай у ҳам дунёдан кўз юмади.
Тоғаларнинг қўлида сарсон бўлиб қолган бола сал қолса, кўчада қоларди. Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлгани учун давлатимиз ғамхўрлигида ватанига қайтарилади ва Сирдарё вилояти вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий кўмак кўрсатиш марказига жойлаштирилади. Марказда Қаҳрамон Хушвақовнинг эътиборига тушган Сардор унинг фарзандлари сафига қўшилади.
У ҳозирда ўн икки ёшда. Унинг мактабда ўқиб кетиши бироз қийин бўлди. Қозоқ тилида таҳсил олгани панд берди. Лекин ҳозирда аълочи ўқувчи.
Тикиш, бичиш, гуллардан ўзига хос композиция яратишнинг устаси бўлиб етишаётган Севара келгуси йил ўрта мактабни тугатади. Унинг ҳам отаси вафот
этган. Онаси эса уни ташлаб хорижга кетиб қолган. Шу боис оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Севара ушбу меҳрибон оилага кириб келганида анча тушкунликка тушиб, руҳан чўкиб қолганди. У билан психологлар, кўплаб масъуллар иш олиб боришди. Ҳозир олий таълим муассасасига киришга тайёргарлик кўрмоқда.
Билмадим, агар Қаҳрамон дадам мени ўз қарамоғига олмаганида тақдирим яна қандай давом этарди, — дейди Севара биз билан суҳбатда. — Дунёда яхши инсонлар ҳам кўп эканига шу ерга келиб ишонч ҳосил қилдим. Барчаси учун уларга раҳмат.
Тарбияланувчиларнинг энг кенжаси Фаррухжон саккиз ёшда. Унинг отаси қамоқда, онаси эса дунёдан ўтган. Ҳозир у иккинчи синфда ўқияпти.
Мен келажакда IT йўналиши бўйича етук мутахассис бўлмоқчиман, — дейди барчанинг ёқимтойи Фаррухжон. — Ҳар куни компьютер тўгарагига қатнайман.
Қаҳрамоннинг турмуш ўртоғи Нодира Хушвақова болаларнинг иссиқ-совуғи, вақтида овқатланиши, ётиш-туришига масъул. Табиатан меҳрибон бу аёлни болалар «ая» деб чақирганида у севиниб кетади.
Меҳрибонлик уйининг фаолияти Гулистон шаҳар «Инсон» ижтимоий хизматлар марказининг доимий назоратида.
Масъуллар 6 нафар боланинг таъминоти, турмуш шароити, оиладаги маънавий муҳитдан, иқтисодий аҳволдан доим хабардор. Шу пайтгача озиқ-овқат, кийим-кечакдан асло муаммо бўлмаган.
Энг муҳими, эзгу ният билан ташкил этилган меҳр масканида хуш кайфият ҳукмрон. Қалби тоза, нияти пок инсонлар томонидан ташкил этилган меҳр масканида бундан бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас.
©️ “Postda” газетаси, Абдураҳмон Мустафоқулов, Сирдарё вилояти.