Аёл ва жамият. «Мен бахтли аёлман»
2024-12-26 14:50:00 / Янгиликлар
Жорий йилнинг сентябрь ойида Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ЖХХ ҲПБ Хотин-қизлар масалалари бўлими ташаббуси билан «Мен бахтли аёлман» лойиҳасига старт берилган эди. Лойиҳа Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази ва «Гўзал ҳаёт» маркази билан ҳамкорликда ташкил этилиб, 3 ой давомида туман ва шаҳарлардаги 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган қийин вазиятга тушиб қолган, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган аёллар таклиф этилди.
Бундан кўзланган мақсад — хотин-қизларни ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этиш, касбга йўналтириш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда амалий ёрдам кўрсатишдан иборат. Лойиҳа давомида иштирокчилар ўзлари қизиққан йўналишлар бўйича касб-ҳунарга ўқитилди, шунингдек, уларни руҳлантирувчи психологик дарслар ташкил этилди. Бундан ташқари, ҳудуддаги турли тарихий обидалар ва музейларга саёҳатлар уюштирилиб, уларнинг маънавий ва маърифий дунёқараши янада оширилди.
- Касбий тажрибамдан келиб чиқиб айта оламанки, хотин-қизларнинг аксариятида ҳиссий-эмоционал ёпиқлик бор. Шу боис уларнинг ўзини ҳимоя қилиш услуби бўйича машғулотлар ташкил этиш, соғлиғини тиклаш ва тиббий-психологик ёрдам кўрсатиш асосий йўналишлардан бири сифатида белгилаб олинди. Шу жумладан, лойиҳада иштирок этаётган хотин-қизларнинг кўпчилиги вақтида руҳий босимдан азият чеккан. Шуни инобатга олган ҳолда, асосий эътибор психологик тренингларга қаратилди. Ишонаманки, олиб борилган суҳбатлар ва тренинглар келгусида уларнинг руҳий ҳолати ҳамда оилавий муҳитида ижобий ўзгаришлар рўй беришига туртки бўлади, — дейди «Гўзал ҳаёт» маркази психологи Муҳаббат Дошекенова.
«Мен бахтли аёлман!» лойиҳаси натижасида бир қанча аёллар жамиятда ўз ўрнини топишга муваффақ бўлгани боис келгуси йилда ҳам бу борадаги ишларни давом эттириш режалаштирилган.
Хурзада РEЙМКУЛОВА, подполковник.