Кинология хизмати. Беминнат ёрдамчилар
2024-12-24 14:45:00 / Янгиликлар
Инструктор-кинолог, сафдор Анвар Исроилов Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ ЖТСБ Кинология бўлинмасининг энг тажрибали ходимларидан бири. Лавҳамиз қаҳрамони бугунгача 4 нафар ёш ходимга устозлик қилди. Худди шундай, сафдор томонидан «Альфа», «Аманта», «Линда», «Рекс», «Герда», «Берта» лақабли хизмат итларида из қидирув кўникмалари шакллантирилди.
Қаҳрамонимиз кинологлар ўртасида ўтказилаётган кўпкураш мусобақаларида юқори натижаларга эришаётир. Жумладан, 2018 йилда Самарқандда уюштирилган ана шундай беллашувда 2-, 2020 йилда Қашқадарёда ташкил этилган кўпкурашда 3-ўринни эгаллади. 2019 йилда Хоразмда бўлиб ўтган «Кинология хизмати аълочиси» кўрик-танловида фаол иштирок этганлиги учун тақдирланган бўлса, 2021 йилда пойтахтда ўтказилган «Аълочи кинолог» кўрик-танловида 2-даражали диплом эгасига айланди. Айни шу мусобақада қўл жанги йўналишида 3-ўринни ҳам қўлга киритган.
«III тоифали кинолог» кўкрак нишони соҳиби Анвар Исроиловнинг ҳаётида бу йил яна бир қувончли воқеа юз берди.
У ИИВ Академияси талабалари сафидан жой олди. Айтганча, сафдор 2024 йилда «Заря» лақабли хизмат ити билан биргаликда 1 та ўғирлик, 4 та гиёҳвандлик моддалар билан боғлиқ жиноятларни фош қилишга муваффақ бўлди. Лавҳамиз қаҳрамони ютуқлари сирини соҳага муҳаббати билан изоҳлайди.
Алижон АБДУСАТТОРОВ, ўз мухбиримиз.