Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсуновнинг навбатдаги ўрганиш ишлари Шофиркон туманида давом этди
2024-12-20 13:10:00 / Янгиликлар
Вилоят 3-сектор раҳбари, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов Шофиркон туманида бўлиб, ижтимоий соҳа объектлари, корхона ва ташкилотлар ҳамда таълим муассасаларида, шунингдек, аҳоли хонадонларида электр энергияси ҳамда иссиқлик таъминотининг қай даражада таъминланганлигини жойига бориб кўздан кечирди.
Вилоят ҳамда туман масъуллари иштирокида ўтказилган ўрганишлар давомида юқорида санаб ўтилган объектларда қишки мавсумга кўрилган тайёргарликнинг ҳолати, кўмир захираси, қозонхоналар ва иситиш тизимининг ҳолати, юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларда қўшимча техник воситалар (генератор) билан таъминланганлик ҳолати бирма-бир кўрикдан ўтказилди.
Бундан ташқари, туманда қиш мавсумини беталафот ўтказиш бўйича ташкил этилган тезкор штаб фаолияти ҳам ўрганилди.
Жараёнда ҳуқуқ-тартибот идоралари, ҳокимлик, коммунал-тезкор хизматлар масъуллари ҳамда иссиқлик энергия корхоналари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди.
Тадбир жараёнида аниқланган барча камчиликлар танқидий муҳокама қилиниб, аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш, энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятларни аниқлаш мақсадида тезкор ҳамда профилактик тадбирларни жадаллаштириш борасида топшириқлар берилди.
Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўрганишлари Бухоро вилоятининг барча ҳудудларида давом эттирилади.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати