Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи Раҳмат Маматов ва вилоят прокурори Муродқосим Эшназаровлар томонидан вилоятдаги ижтимоий объектларнинг қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати ўрганилди
2024-12-20 13:05:00 / Янгиликлар
Қиш мавсумида аҳолига электр, табиий ва суюлтирилган газ, кўмир етказиб бериш ҳамда бунга масъул идора ва ташкилотлар вакилларининг масъулиятини оширишга қаратилган тадбирлар жадал амалга оширилмоқда.
Мазкур ишлар аҳволи ва вилоятдаги ижтимоий объектларнинг қиш мавсумига тайёргарлигини кўздан кечириш мақсадида, вилоят ИИБ бошлиғи Раҳмат Маматов ва вилоят прокурори Муродқосим Эшназаровлар Самарқанд шаҳрида жойлашган бир қанча идора ва ташкилотларда ўрганишлар олиб борди.
Дастлаб, Самарқанд шаҳрида жойлашган 9-сонли умумий ўрта таълим мактабининг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги ҳамда мактаб биносининг иситиш тизими кўздан кечирилди.
Шундан сўнг, Самарқанд вилояти иссиқлик манбаи ДУКга қарашли бўлган “Булвар“ қозонхонаси фаолияти ўрганилиб, аҳолини иссиқлик манбаи билан узлуксиз таъминлаш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.
Ўрганишлар 4-сонли оилавий поликлиникада давом эттирилиб, аниқланган камчилликларни тез ва сифатли бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
Ўрганишлар вилоят бўйлаб давом этмоқда.
Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати