Танлов ғолиби. Иш қуроли ҳамиша соз
2024-12-19 13:45:00 / Янгиликлар
ИИВ ҳузуридаги ЖИЭД Ахборот хизмати катта мутахассиси, лейтенант Садриддин Хайруллаев соҳада фаолият бошлаганига эндигина уч йил тўлган бўлсада, кўпчиликнинг эътиборига тушишга улгурди.
Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида туғилган ўғлон Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтини муваффақиятли тамомлаб, «Зўр ТВ» телеканалида режиссёр сифатида фаолият юрита бошлади. «Аристократлар», «Зўр бекат», «Актёр шоу» каби кўнгилочар дастурларнинг қизиқарли чиқишида муносиб ҳисса қўшди.
— Ички ишлар органлари сафида хизмат қилиш мен ўйлаганчалик осон эмас экан, — дейди лейтенант С.Хайруллаев. — Аввалига фақат видеороликлар тайёрлаб, ўтказиладиган тадбирларни тасвирга олсам бас деб ўйлардим. Кейин билсам, соҳага оид тегишли ҳужжатлар билан ишлаш, режа, ҳисобот тайёрлаш каби масъулиятли ишлар ҳам бор экан. Қийналган пайтларим ҳам бўлди, устозим Зойир Йўлдошев ана шундай пайтларда қўллаб-қувватлади.
Садриддин мазкур лавозимда иш бошлаганидан кейин, Департаментнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифалари анча жонланди. У тайёрлаган ибратли, таъсирчан лавҳалар «Ўзбекистон 24», «Зўр ТВ» телеканаллари ва ижтимоий тармоқлар, хусусан ИИВ ҳамда ЖИЭД телеграм каналлари орқали томошабинлар ҳукмига ҳавола қилинади.
Яқинда Ички ишлар вазирлиги тизимида ўтказилган «Жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришни тарғиб этувчи видеороликлар танлови»да эса тақдим этилган 43 та лавҳа орасида Садриддиннинг иши биринчи ўринга муносиб деб топилди.
С.Хайруллаевнинг орзулари бисёр, кўзлаган марралари юксак. Унинг хизматлари раҳбарият томонидан эътироф этилаётганидан мағрурланиб, муваффақиятлардан эсанкираб, изланишдан тўхтаб қоладиган одати йўқ.
Аксинча, эришган ютуқларидан руҳланиб, янада ғайрат-шижоат билан ишламоқда.
Иномжон Раҳимхўжаев, капитан. «Постда»