Қашқадарё вилояти ИИБ бошлиғи полковник Абдувохид Исмоилов Чироқчи туманида қиш мавсумига тайёргарлик, энергия ресурслари захиралари ҳамда криминоген вазиятни ўрганди
2024-12-19 12:25:00 / Янгиликлар

Вилоят 3-секторига қарашли туманда бўлган бошқарма бошлиғи «Долзарб 50 кун» профилактик тадбири доирасида дастлаб туманда криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш, бунга имкон яратувчи шарт-шароитлар шунингдек, қиш мавсумини беталофат ўтказиш, аҳолини ёқилғи-энергия ресурслари билан узлуксиз таъминланиш жараёнларини ўрганиш мақсадида соҳа масъуллари ҳамда ҳамкор ташкилотларнинг мутасаддилари иштирокида Ҳудудгаз Чироқчи туман филиалида бўлди. Унда аҳолига табиий ва суюлтирилган газни узлуксиз етказиб бериш борасида белгиланган чоралар ижроси ҳамда захиралар билан танишилди.
Ўрганишлар давомида газ захирасини кўпайтириш, олис ҳудудларга суюлтирилган газни етказиш учун қўшимча техникаларни жалб этиш борасида масъулларга топшириқлар берилди.
Сўнгра, туман марказий деҳқон бозорида бўлиб, нарх-наволарни ўрганди. Бозорда фуқаролар билан озиқ-овқатлар маҳсулотлари нархлари, байрамга тайёргарлик борасида суҳбатлашди. Бозор маъмуриятига нарх-навони сунъий оширилишини олдини олиш, ташкил этилган арзонлаштирилган озиқ-овқатлар ярмаркасини узлуксиз ташкил этиш топшириғини берди.
Сўнгра Чироқчи тумани электр тармоқлари корхонасида бўлиб, ходимларининг фавқулодда электр таъминотидаги узилишлар юз берганда навбатчи гуруҳнинг шайлигини кўздан кечирди. Қишнинг совуқ ва мураккаб шароитларида аҳолига бенуқсон хизмат кўрсатиш вазифалари ва хавфсизлик чораларини тўлиқ таъминланишга жиддий эътибор қаратиш, аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш борасидаги тадбирлар билан танишиб, бунга қўшимча куч ва техникалар жалб этиш тавсиясини берди.
Шунингдек, ишчи гуруҳ томонидан Чироқчи тумани ички ишлар бўлимида бўлиб, янги қурилаётган вақтинча сақлаш ҳибсхонасини қурилиш ишлари билан танишди. Мутасаддиларга қурилиш ишларини амалга оширишда ҳар томонлама талабга жавоб берадиган шарт-шароитларни яратиш борасида тегишли таклиф ва тавсия бериб, хизмат фаолияти билан танишилди.
Ишчи гуруҳнинг ўрганишлари давом этмоқда.
Қашқадарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати