Фахрийлар ҳаёти ёшларга ибрат. Кексаликни писанд қилмай...
2024-12-17 12:35:00 / Янгиликлар
Свердловск ёнғин хавфсизлиги билим юртини тамомлаган лейтенант Қобул Полвоновни Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳридаги тергов ҳибсхонасига хизматга юборишди. Оймонжон ҳам турмуш ўртоғи билан Қаршига келди ва муассаса котибиятида ҳужжатларни назорат қилувчи ёлланма хизматчи лавозимида иш бошлади. У бир йил ушбу лавозимда хизмат қилди ва муассаса раҳбариятининг ишончини қозонди. Шундан сўнг уни шаҳодатланган ходим сифатида хизматга қабул қилишди. Энди кичик сержант Оймонжон Полвонова тергов ҳибсхонаси назоратчиси лавозимида фаолият юрита бошлади.
Албатта, аёл киши учун ҳар қандай об-ҳаво шароитида минора устида туриб, маҳбусларнинг юриш-туришини, хатти-ҳаракатларини назорат қилиш анча қийин ва масъулиятли вазифа эди. Бунда унга устозларининг маслаҳатлари, насиҳатлари анча наф берди. Ҳарбийча ҳаётнинг машаққатини ўз бошидан кечирган кичик сержант Оймонжон Полвонова барчасига бардош берди ва танлаган касбига бўлган садоқатини намоён этди. Маҳбусларнинг кечки сайрини минорадан туриб кузатаётган Оймонжон бирдан ҳушёр тортди. Чунки сафда бораётган маҳбуслардан бири кутилмаганда юз тубан ерга йиқилдию, типирчилай бошлади. Зудлик билан муассаса шифокорлари етиб келиб, унга тиббий муолажалар қилишди. Бир зумда ўзига келган маҳбус яна сафга қайтди.
Аммо унинг хатти-ҳаракатлари Оймонжонда шубҳа уйғотди. Ёш назоратчи дарҳол муассасанинг тегишли хизмати билан боғланиб, маҳбуснинг ўнг қўл енги ичида нимадир борлиги ҳақида хабар берди. Тезда гумонланаётган маҳбус алоҳида хонага олиб кирилди ва тинтув ўтказилди. Ҳушёр назоратчи адашмаган эди. Ўзини бетобга солган маҳбус юз тубан йиқилиб, ерда ётган темир парчасини енги ичига яширган эди. Ҳушёр назоратчи кичик сержант Оймонжон Полвонова хизмат фаолияти давомида маҳбусларнинг бу каби кўплаб ноқонуний ҳаракатларини фош қилган ва муассаса раҳбарияти томонидан муносиб рағбатлантирилган.
Соҳада кадрларга бўлган талабнинг етарли эмаслиги боис, катта лейтенант Қобул Полвонов ҳамда кичик сержант Оймонжон Полвоноваларни ИИВнинг Навоий вилоятидаги ҳарбий қисмлардан бирига хизматга юборишди. Улар ушбу ҳарбий қисмда ўн йил самарали хизмат қилишди.
Туғилиб ўсган юрти Хоразмга қайтган капитан Қобул Полвонов профилактика хизматида, Оймонжон эса вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида хизмат фаолиятини давом эттиришди. Етарли тажриба ва маҳоратга эга бўлган урганчлик бу фидойи инсонлар ўттиз йил ички ишлар органлари соҳасида сидқидилдан хизмат қилишди ва иззат-ҳурмат билан пенсияга чиқишди. Айни кунда саксон етти ёшни қаршилаган лавҳамиз қаҳрамони маҳалланинг тўю маъракаларига бош бўлиб, қўни-қўшниларнинг, ёш оилаларнинг бир бирларига меҳр-оқибатли бўлишида ўз насиҳатларини, маслаҳатларини бериб келмоқда.
- Эркак кишини оиланинг моҳир меъмори, десак, асло хато бўлмайди, — дейди Оймонжон ая турмуш ўртоғининг суратига тикиларкан. — Чунки у зиммасидаги вазифа қанчалик масъулиятли бўлмасин, оилани ниҳоятда мустаҳкам қилиб бунёд этишга, моддий ва маънавий таъминлашга, у ерда қатъий тартиб-интизом ўрнатишга ҳаракат қилади. Ана шундай тарзда барпо этилган оила ҳаётнинг ҳар қандай қийинчиликларига бардош бера олади. Раҳматлик турмуш ўртоғим ҳам ҳаётимизни, турмуш тарзимизни ана шундай мустаҳкам ришталар билан боғлаб, меҳр-оқибатнинг бақувват устунларида бунёд этди. Эртани ўйлаб қилинган бу ҳаракатлар бесамар кетмади.
Уларнинг фарзандлари подполковниклар Жуманазар ҳамда Бектурди Полвоновлар отаси изидан бориб, юртимиз осойишталигини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшишди. Кенжа Алишер эса ҳаётини спортга бағишлади. Қизлари ҳам турли соҳаларда меҳнат қилишяпти. Демак оила дарғаси бошлаган хайрли ишлар давом этмоқда.
Худойберган Жабборов, ўз мухбиримиз. «Постда»
Хоразм вилояти