Яқин тарих саҳифаларида. “Қора қузғун” учган йиллар
2024-12-13 11:10:00 / Янгиликлар
Инсон ҳаёти давомида қанчадан-қанча кишилар билан мулоқотда бўлмайди, дейсиз. Аммо улардан бармоқ билан санарлиларгина меҳра сазовор бўлади. Бундай зотлар ҳатто ҳаётдан кўз юмса ҳам, қалбан меҳри тушган кишилари билан бамисоли мулоқотда бўлишади, ғойибона ёнма-ён яшашади. Ана шундай инсонлардан бири генерал-майор Жалол Жамилович Жамоловдир.
У Ромитан (ҳозирги Пешку)нинг Валфок қишлоғида 1935 йили таваллуд топди. Отаси Жамил ака қишлоқдаги саводсизликни тугатиш мактабида ўқитувчилик қиларди. Ёш Жалол ҳ ам бошланғич таълимни шу мактабда олди. Кейинчалик отаси милиция хизматига ўтди. Шундан сўнг Жалолнинг қалбида отасидай бўлиш истаги куртак ота бошлади. Кўпинча Жамил аканинг ишдан қайтишини интиқлик билан кутар, келганда эса у кишининг бош кийимини кийиб:
— Катта бўлсам сиз каби мана шундай либос кияман, дея ғурурланарди.
Интилганга толе ёр, деб бежиз айтилмаган. Жалол Жамолов фанларни пухта ўзлаштириб, билим ва маҳоратини бойитди. Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон миллий университети) нинг юридик факультетига ўқишга кириб, имтиёзли диплом билан тугатди. Бухоро вилояти ИИБда катта тезкор вакил лавозимида хизмат фаолиятини бошлаган ёш ходимнинг ўз касбига лаёқатини пайқаган раҳбарият кўп ўтмай вилоят ИИБ шахсий таркиб бўйича махсус инспекция вакиллигига тавсия қилишади. 1960-1963 йилларда эса Бухоро шаҳар ИИБда суриштирув бўлинмаси бошлиғи, кейинчалик вилоят ИИБда турли лавозимларда хизмат қилди.
Хизматда эришган ютуқлари туфайли у 1972 йилда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Профилактика хизматига раҳбар этиб тайинланди. Бир йилдан сўнг Тергов бошқармаси бошлиғи, 1979 йилда эса Жиноят-қидирув бошқармаси бошлиғи лавозимларида фаолият кўрсатди.
1985 йилга қадар Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармасига раҳбарлик қилган Жалол Жамилович вилоятда жиноятчиликка қарши курашишда ва унинг олдини олишда муайян натижаларга эришди. У ҳар бир соҳавий хизматда олиб борилаётган ишларни атрофлича таҳлил қилар, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ режа ишлаб чиқар, тегишли чораларни кўрарди.
Қаерда ишламасин, жойларда ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга ҳисса қўшди. Қурилиш-ободонлаштириш ишларига, эл-юртини фаровон қилишда фаол иштирок этди. Жалол Жамоловнинг ташаббуси билан Тошкент вилояти ИИБ биноси қуриб битказилди. Барча зарур асбоб-анжомлар билан таъминланди. Шунингдек, тергов, йўл-ҳаракати хавфсизлиги, патруль-пост, жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва ёнғин хавфсизлиги хизматлари ҳамда уларнинг туманлардаги тузилмаларининг кенг қамровли фаолияти йўлга қўйилди. Қолаверса, кўпчиликка касб сирларини ўргатди, малакали шогирдлар тайёрлади. Талабчан мураббий, меҳрибон устоз сифатида кўплаб осойишталик посбонларининг ҳурматига сазовор бўлди.
Ж.Жамолов раҳбарлигида Тошкент вилоятида олиб борилган ишлар бесамар кетмади. Айниқса, соҳавий хизматларнинг ўзаро ҳамкорлиги мустаҳкамланиб, тез орада тезкор вазият барқарорлашди. Ўта оғир ва оғир турдаги жиноятлар кескин камайди. Шунингдек, қўл остидаги ходимларнинг ижтимоий ҳимоясига ҳам алоҳида эътибор қаратиб келди, шу бенуқсон хизматлари инобатга олиниб, Ж. Жамолов 1982 йилда «генерал-майор» унвонига сазовор бўлди.
— Жалол Жамолов мен билган инсонларнинг энг яхшиси эди, дейди Ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси, генерал-полковник Зокиржон Алматов. Мен 1978-1984 йилларда Тошкент тумани ИИБ бошлиғи бўлганимда, у киши Тошкент вилояти ИИБ бошлиғи эди. Тартиб-интизомлилиги ва хушмуомаласи билан барчада бирдек илиқ таассурот қолдирарди. Фалакнинг гардишини кўрингки, шундай фидойи инсон ҳам четдан келган корчалонларга ёқмай қолгани учун жабру жафога мубтало бўлди. Содиқ хизматлари эвазига эришган генерал-майор унвонидан маҳрум этилиб, полковник унвонида пенсияга чиқарилди. Шукрки, истиқлол шарофати билан 1994 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан унинг иши қайта кўриб чиқилиб, тўлиқ оқланди.
Жалол Жамолов умри давомида эл-юрт ҳурматида, шогирдлари эъзозида, фарзандлари меҳр-муҳаббатидан, ёру дўстлари оқибатидан қувониб яшади.
Турмуш ўртоғи Ҳурнисо ая билан тўрт қиз ва бир ўғилни эл корига ярайдиган инсонлар қилиб тарбиялашди. Қизлари ўзларига муносиб олийгоҳларда таҳсил олишиб, оила қўрғонини барпо этишди. Ўғли Ўктамжон ота касбни танлади. У вилоят ИИБ ЙҲХБда самарали фаолият кўрсатди. Бироқ соғлиғи бўлмагач, иккинчи гуруҳ ногиронлиги билан майор унвонида пенсияга чиқди. Унинг ўғли Камолжон ота-бобосининг изидан кетди. У айни пайтда вилоят ИИБ ЙҲХБ ЙПХ ходими...
-1985 йил бизнинг ҳам бошимиздан «қора қузғун» учиб ўтди. Турмуш ўртоғимни «ўзбеклар иши» бўйича ҳибсга олишди. Қуруқ туҳмат, бўҳтонлар тўқиб, Жалол акамнинг номига доғ туширмоқчи бўлишди. Ҳар куни мени терговга олиб киришарди. Ҳар сафар бўлмағур воқеаларни айтиб, гапнинг мағзини турмуш ўртоғимга қадашарди. Бир сафар нечта машинангиз бор, дейишса, иккита, дебман. Қанақа русумдаги, дейишди. Шунда бири кир ювиш машинаси, иккинчиси тикув машинаси, дебман, дея Ҳурнисо ая жилмайиб қўйди, сўнг сўзини давом эттирди. Ҳақиқатан ҳам, Жалол акам ҳалол ишларди. Вилоятда ишлаганларида ҳам, Тошкентда ишлаганларида ҳам, чолдевор уйимиздан бошқа ҳеч нарсамиз йўқ эди. Бу шунчаки ўзбек раҳбарларини синдириш усули ҳисобланган.
Ҳалиям ҳақиқат бор, адолат бор экан. Кўп ўтмай у киши оқланди. Аммо «қузғун»ларнинг «қора кун»лари у кишининг ҳаётига таъсир кўрсатмай қўймади. 2013 йил 13 март кун 79 ёшларида вафот этдилар. Невара-ю чевараларнинг ҳузур ҳаловатини кўрмай кетдилар. Илоҳим ётган жойлари жаннат, охиратлари обод бўлсин...
Мирзоқул Аҳадов, ўз мухбиримиз. “Постда”
Бухоро вилояти