Соҳа фидойиси. Энг катта бахт
2024-12-13 07:50:00 / Янгиликлар
Асака шаҳри марказида жойлашган «Барака» маҳалласи уста ҳунармандлари ва тадбиркорлари билан машҳур. Маҳалла аҳли аҳил ва оқибатли инсонлар. Тўй-томошаларни бирга нишонлашади, қийин дамларда елкадош, кўмакдош.
Бундан уч йил олдин майор Мақсудбек Маматкаримов ушбу маҳаллага профилактика инспектори этиб тайинланган эди. Бунга қадар қўшни «Нурафшон» маҳалласида беш йил фаолият олиб боргани учун у қўшни ҳудуддаги аҳвол билан яхши таниш эди. Шу боис мавжуд муаммоларга ижобий ечим топиш мақсадида ишни маҳалла фуқаролар йиғини раиси Баҳромжон Оталиқов, ҳоким ёрдамчиси Шавкатбек Мўминов, ёшлар етакчиси Улуғбек Ҳусанов, хотин-қизлар масалалари бўйича фаол Дилоромхон Зулунова билан саъй-ҳаракатларни бирлаштиришдан бошлади. Шунингдек, маҳалла фаоллари ёрдамида таянч пункти биноси таъмирланиб, компьютер техникаси ва янги мебеллар билан жиҳозланди. Бу амалий ишлар самараси ўлароқ ҳудудда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашишда ижобий кўрсаткичларда намоён бўлди.
Ҳозирда профилактика катта инспектори сифатида фаолият кўрсатаётган майор Мақсудбек Маматкаримов, табиийки, ўз-ўзидан тажрибали ходимга айланиб қолмади. Бунда устозлари подполковник Бобирмирзо Қодиров ва майор Муроджон Исмоиловнинг беминнат ёрдами катта бўлди. Бугун эса унинг ўзи устоз. Шогирдлари — профилактика инспекторлари, лейтенантлар Фарҳод Абдулҳакимов ва Абдулазиз Фозилжонов қўшни ҳудудда хизмат қилишади ва зарурат туғилганда ёрдам ёки маслаҳат сўраб, унга мурожаат қилишади.
- Касбимга жону дилим билан боғланганман, — дейди майор М.Маматкаримов.
- Одамлар орасида бўлиш, уларга оғир кунларида ёрдам бериш, ўз меҳнатинг, хизматинг самарасини кўриш энг катта бахт.
Борис КЛEЙМАН, ўз мухбиримиз.
Андижон вилояти.