Адолат тантанаси. «Отамнинг кўзида ёшни ўшанда кўрганман...»
2024-12-11 11:50:00 / Янгиликлар
Аёл — нозик хилқат. Чимдим меҳрга дунёларга сиғмай кетади, озгина эътиборсизлик эса кўнглига оғир ботади. Ўша куни Мунира турмуш ўртоғи, майор Ҳусниддин Абдуллаевга бир неча маротаба қўнғироқ қилади. Жавоб бўлавермагач, алами келган Мунира энди менинг ҳам жавобимни кутсинлар, деган маънода уяли телефон аппаратини ўчириб қўяди.
Маҳкамада сўроқ қилинаётган Абдуллаевдан уйдагиларини хабардор қилиш мақсадида яқинларининг телефон рақамини сўрашганида хаёлига фақат турмуш ўртоғи Муниранинг рақами келади, холос. Аммо афсуски, у билан боғланишнинг сира иложи бўлмайди...
Майор Ҳусниддин Абдуллаев 1979 йили Андижон вилояти Асака туманида туғилган. 2001 йили ИИВ Ёнғиндан сақлаш олий техник мактабини тамомлаган. Мазкур таълим муассасасида турли лавозимларда ишлаб, 2007 йили Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани ИИБ ҲООБ МТП профилактика инспектори вазифасида фаолиятини давом эттирган.
Ҳаёт йўли бир текис эмас экан. Ўшанда 2013 йил 11 сентябрь куни эди. Ҳусниддин Абдуллаевнинг ҳар доимгидек хизмат вазифасини бажариш жараёни. Ҳужжатларни туман ИИБга олиб кетаётган пайти ҳудудда юрадиган таниш йигитлардан бири шошиб келиб, «Ака, диск сотадиган дўкон очмоқчи эдим, маслаҳатингиз керак», деб гапга тутади. Инспектор шошиб турган бўлсада, бунинг учун керакли ҳужжатлар расмийлаштириш лозимлигини, турли хилдаги порнографик ва диний экстремистик хусусиятга эга дисклар сотуви мумкин эмаслигини тушунтириб, машинасига ўтиради. Йигит кўча бошидаги дўконгача унинг машинасида бирга чиқиб олишини илтимос қилади. Манзилга етгач, тушиб кетаркан, инспекторга совға бериб юборишганини айтиб, қўлидаги селофан пакетга ўралган пулларни тутқазади. «Бу нима қилганинг! Ол буни!» деб пакетни йигитга қарата ирғитади. Йигит «Бу — сизга», деб турган маҳали саккиз нафардан зиёд хизмат ходимлари машинани ўраб олишади ва Абдуллаевнинг қўлини орқага қайириб, Тошкент шаҳар прокуратурасига олиб кетишади...
Мунира ишидан ҳаяллаётган турмуш ўртоғидан аввалига хавотир бўлмайди, чунки хизмат вазифаси ўлароқ, бундай ҳолатлар бўлиб турарди. Шу боис ҳам уяли телефон аппаратини ёқиш, ундан хабар кутиш хаёлига ҳам келмайди. Кейинчалик вазиятни билганда эса ўзини ўзи ич-ичидан койиди.
— Отамнинг кўзида ёшни ўшанда кўрганман, — деб эслайди Х.Абдуллаев. — «Отажон, меҳрибоним, йиғламанг, менинг айбим йўқ... Бир куни адолат қарор топади, аммо бунинг учун вақт керак. Илтимос, менга ишонинг!» деёлганман холос. Отам кўзларидаги ёшни рўмолчаси билан артаркан: «Оилангдан, фарзандларингдан хавотир бўлма. Соғлиғингга қара» дедида, чиқиб кетди.
Хусниддин Абдуллаевнинг оилада акаси, укаси ва биргина синглиси бор эди. Ака-укалари ҳам офицерлар, синглисининг турмуш ўртоғи ҳам шу соҳа ходими. Унинг бошига келган қора булутлар ака-укаларининг эмас, негадир куёвининг фаолиятига соя солгандек бўлади. Ҳатто шуни деб унинг оиласи дарз кетиш арафасига етади. Ҳаёт синовлари барчани синаётгандек бўларди...
Ариза ва кўрсатмаларга асосланган жиноят иши ҳужжатларига кўра, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман судининг ҳукми билан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилади. Жазо муддатининг маълум бир қисмини ўтаганидан сўнг, озодликка чиқарилади.
Озодликка чиқиш — чинакам қувонч, чексиз бахт бўлсада, аммо кўп йиллардан буён елкамни босиб турган оғир юкдан халос бўлиш дарди қийнарди. Негаки, барибир кўпчиликнинг назарида юзим қора бўлган, муносабатлар ҳам шунга яраша эди, — дейди Ҳусниддин Абдуллаев.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг кассация инстанциясида суд жараёни қайтадан кўриб чиқилиб, суд ҳукмига кўра, унинг ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли тўлиқ реабилитация қилинади.
2022 йил 23 октябрь куни 11 нафар оқланган ходимлар Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожоновнинг ҳузурига кирдик. Ҳурматли вазиримиз бизни самимий қабул қилиб, хизматга қайта тикланишимизни айтиб, келажакдаги хизмат фаолиятимизга юксак ишонч билдирди. Буни эшитган отам кўзларида қувонч ёшлари, дилларида, тилларида шукроналик, миннатдорлик билан узундан-узун дуо қилдилар.
Шу аснода адолат қарор топди, йиллар мобайнида юзага чиқмай келган ҳақиқат тантана қилди. 2023 йилнинг ноябрь ойида Ички ишлар вазирининг буйруғи билан хизматга тикланган Ҳусниддин Абдуллаев бугунги кунда Чилонзор тумани бўйича ИИОФМБ 3-сонли ички ишлар бўлими ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси профилактика инспектори лавозимида иш фаолиятини давом эттириб келмоқда.
Хизмат формамни яна киярканман, рости, кўнглим алланечук бўлиб, йиғлаб юборганимни ҳам яширмайман, — дейди лавҳамиз қаҳрамони. — Янги Ўзбекистонда Конституция ва қонунлар устуворлиги таъминланиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоя қилинишига ишонардим. Худога шукр, оилам, яқинларим, касбдошларим, маҳалла-кўй олдида юзим ёруғ бўлди.
Майор Ҳусниддин Абдуллаевга иш жойига яқин бўлган ҳудуддан барча қулайликларга эга бўлган хизмат уйи берилди. Турмуш ўртоғи Мунира шу ҳудуддаги 179-сонли мактабда инглиз тилидан дарс бериб келмоқда. Гулҳаё, Азизбек, Лазизбек фарзандларини Ватан хизматига камарбаста инсонлар этиб тарбиялаб келишмоқда.
Адолат Файзиева, ўз мухбиримиз. «Постда»
Тошкент шаҳри