Қўллашиб кўтарган юк енгил. Олти ойда «қизил» тоифадан «яшил»га
2024-12-11 07:15:00 / Янгиликлар
Сирдарё вилояти билан чегарада жойлашган «Марказий»маҳалласи тумандаги чекка ҳудудлардан бири саналади. У бундан 11 ой муқаддам криминоген вазияти оғир ҳудудлар тоифасида эди. Катта лейтенант Ризамат Полвонов профилактика инспектори этиб тайинлангач, ҳаммаси ўзгарди. Муқаддам туман ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси ва «Бешкапа»маҳалласида намунали хизмат фаолиятини олиб борган жонкуяр ходим бу ерда ҳам салоҳиятини намоён эта олди.
Профилактика инспекторининг ҳамкорликда олиб борган саъй-ҳаракатлари туфайли маҳалла уч ойда «сариқ», орадан яна шунча вақт ўтиб «яшил»тоифадан ўрин олди. Бунинг учун, аввало, 2100 нафар аҳоли истиқомат қиладиган ҳудуднинг «жиноят учоқ»ларига кузатув камералари ўрнатилиб, тунги хизмат кучайтирилди. Ичкиликбозликка ружу қўйган ва профилактик рўйхатдаги шахслар билан мунтазам тушунтиришлар олиб борилди. Шу билан бирга, 50 нафар ишсиз фуқаро фойдали меҳнатга жалб қилинди, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва ногиронлиги бўлган шахсларга ҳомийлар бириктирилди.