Қарийб 29 млрд сўм зарар келтирган майнинг ферма фаолиятига чек қўйилди
2024-12-05 20:55:00 / Янгиликлар
Бугун бу каби пул ишлаш йўлини танлаганлар талайгина, бироқ Самарқандда белгиланган тартибни бузиб, майнинг ферма ташкил этган шахс қўлга олинди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Тезкор-қидирув департаменти Киберхавфсизлик маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида фуқаро Иштихон туманида майнинг фаолиятини йўлга қўйиб, 28,9 млрд сўм ёки 2,2 млн АҚШ доллардан ортиқ электр энергиясини ўғирлаганлиги аниқланди.
Мазкур тадбирлар давомида, ўзидан сохта тадбиркор ясаб олган шахс 189 дона “Antiminer” номли майнинг қурилмаларидан фойдаланиб, сўнгги 3 йил давомида умумий истеъмолдаги электр энергиясига ўзбошимчалик билан уланиб келганлиги маълум бўлди.
Ҳисоб-китоб натижаларига кўра, электр тармоқларидан ноқонуний фойдаланилиши оқибатида давлат бюджетига 28,9 млрд сўм миқдорида зарар келтирилганлиги маълум бўлди.
Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича терговга қадар текширув олиб борилиб, Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатиш чоралари қўрилмоқда.
Унутманг, майнинг фаолиятини қонунга хилоф равишда амалга ошириш жавобгарликка сабаб бўлади!
ИИВ Тезкор-қидирув департаменти Киберхавфсизлик маркази