Сулола. Ҳамфикр, елкадош бўлиш – катта бахт
2024-11-29 11:55:00 / Янгиликлар
Нишоновлар сулоласининг асосчиси Набижон ака Иккинчи жаҳон урушидан кейинги оғир йилларда участка инспектори, жиноят қидирув хизмати ходими бўлиб фаолият юритган. Капитан унвонида, Андижон шаҳридаги болаларни вақтинча қабул қилиш муассасаси бошлиғи лавозимидан пенсияга чиққан.
Катта ўғли Содиқжон унинг изидан бориб, ИИВ Тошкент олий мактабини тамомлагач, вилоят ИИБнинг турли бўлинмаларида хизмат қилди. Андижон шаҳар ИИБ Жиноят қидирув бўлинмаси, шаҳар ИИБ 1 ва 2-бўлинмалари ҳам да Вояга етмаганларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш маркази бошлиғи лавозимларида фаолият кўрсатди. С. Нишонов вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ туманлараро патруль-пост хизмати отряди командири лавозимидан, подполковник унвонида пенсияга чиқди.
Набижон аканинг иккинчи ўғли, истеъфодаги майор Бахтиёр Нишонов Андижон шаҳар ИИБда эксперт-криминалист бўлиб, кўп йиллар сидқидилдан хизмат қилди, юзлаб жиноятларни очишга катта ҳисса қўшди.
Ҳозирги кунда сулола ишини давом эттираётган набира, сафдор Самандар Нишонов вилоят ИИБ ЙҲХБ ЙПХ инспектори лавозимида фаолият олиб бормоқда.
Яна бир набира сержант Искандарбек Набиев ҳам ички ишлар органларининг турли соҳавий хизматларида фаолият юритиб, Андижон шаҳар ИИОФМБ Пробация бўлими инспектори этиб тайинланди. Искандарбек хизматдан айрилмаган ҳолда Андижон давлат университетини тамомлади. У ҳам бобоси каби офицер бўлиш арафасида.
Танловимнинг асосий сабаби бобом ва отам ишини давом эттириш бўлган, дейди сержант Искандарбек Набиев. Мазкур касб соҳиблари юрт тинчлиги, халқ осойишталиги учун кўпинча ўз ҳаётларини хавф остига қўйишади. Бу ғоят шарафли бурч. Юртимизда яшаётган инсонлар осойишталигини қўриқлаб, уларнинг корига ярашни истайман. Ишонаманки, оилам мен билан фахрланади.
Нишоновлар сулоласи учун бир дамлик, ватанпарварлик, шараф ва ор-номус шунчаки оддий сўзлар эмас.
Болалар бизникидек оилаларда вояга етса, ички ишлар органларидаги хизмат нима эканини эрта англайди. Оиламдагиларнинг ҳаммаси касби мизнинг ўзига хос жиҳатларини жуда яхши билишади. Бу ўзаро тушуниш ва ишонч шаклланишига хизмат қилади. Оилада бир-бирига ҳамфикр, елкадош бўлиш катта омад ва бахт, дейди истеъфодаги подполковник Содиқжон Нишонов.
«Постда» газетаси